www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти
“ЖОМБОЙ ТОНГИ” ГАЗЕТАСИ ТАРИХИ

Давр тақозоси билан “Давлатли турмушга”, “Коммунист”, “Шонли меҳнат” номлари билан чиққан Жомбой туман газетаси 1993 йил 25 октябрдан бошлаб “Жомбой тонги” номи билан нашр этила бошлади.

КЕЧА

Газетанинг тарихи, ижод йўли ХХ асрнинг ўттизинчи йилларида мамлакатимизнинг барча туманларида чиқа бошлаган даврий нашрлар билан тенгдош. Чунончи, Жомбой тумани ташкил этилган 1935 йилдан бошлаб туманда “Давлатли турмушга” номли газета чиқа бошлади.  Унинг биринчи сони 1935 йил 11 апрелда босилди. Ўша вақтда туман газетаси Самарқанд шаҳрида чоп этилган.

 “Давлатли турмушга” газетаси 1943 йилнинг 6 июлига қадар чиқиб турган. Урушнинг оғир дамлари туманда газета чиқариш имкони бўлмаган.

1953 йилнинг 1 июлидан туман газетаси Жомбой туман партия комитети ва туман кенгаши ижроия комитетининг органи сифатида “Коммунист” номи билан қайта чиқа бошлади. “Коммунист” газетаси 1962 йилнинг 7 июнигача чоп этилди. Жомбой ва Булунғур туманларининг яна бирлаштирилиши муносабати билан “Коммунист” газетаси туманлараро газета бўлиб чиқди.

1970 йилнинг охирида Жомбой тумани қайта ташкил этилди. 1971 йилнинг 1 сентябридан бошлаб туман газетаси “Шонли меҳнат” номи билан нашр этилди. Шу йилдан эътиборан таҳририят ўз биноси ва босмахонасига эга бўлди.

Туман газетаси 1993 йил 25 октябрдан бошлаб туман ҳокимининг қарори асосида “Жомбой тонги” номи билан нашр этиб келинмоқда.

ГАЗЕТА МУҲАРРИРЛАРИ

Жомбой туман партия комитети ва туман кенгаши ижроия комитетининг органи сифатида чиқа бошлаган газетанинг биринчи муҳаррири Йўлдош Исмоилов бўлган. Газетани ташкил этганлар сафида Жомбой қишлоғида яшаган ўқитувчи Ўрол Қаюмов ҳам бор.

1936-1940 йилларда газетага Тешабоев, И.Хонимов, С.Йўлдошев, Х.Мирзаевлар муҳаррир бўлишган.

1941-1942 йилларда “Давлатли турмушга” газетасига вилоят газетасидан юборилган журналист Нормат Ниёзов муҳаррирлик қилган.

1953-1954 йилларда “Коммунист” газетасида Матлаб Эрмуҳамедова, 1955-1962 йилларда Ботир Пирназаров муҳаррир бўлди.

1971 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, газетага йигирма йил давомида Мирза Мажидов муҳаррирлик қилди.

Шунингдек, 1991-1993 йилларда Раҳматилла Иноятов, 1993-1994 йилларда Абдусамат Ҳамидов, 1995-2002 йилларда Абдурасул Раҳмонқулов, 2002-2003 йилларда Абдусамат Ҳамидов, 2003-2006 йилларда Олим Ҳамзаев, 2006-2010 йилларда Ашурбек Пўлатов, 2010-2016 йилларда Ҳулкар Маматмуродова “Жомбой тонги” газетасида муҳаррир бўлиб ишладилар.

УЛАР БИЗДА ИШЛАГАН

Ўтган даврда газета муҳарририятида Очил Тўйчиев, Йўлдош Отамуродов, Муҳаммади Бердиалиев, Машраб Бобоев, Абдусалом Суюнов, Абдурасул Олтмишев, Облақул Усмонқулов, Сулаймон Ҳусаинов, Ойхумор Асадова, Гулчеҳра Жамилова, Шокир Шералиев, Назокат Шербоева, Гадой Абдураҳимов, Алишер Умидов, Ёқуб Аминов сингари истеъдодли журналистлар самарали меҳнат қилишди.

БУГУН

2016 йилнинг 26 августидан бошлаб халқ депутатлари Жомбой туман кенгаши ва туман ҳокимлиги муассислигида чоп этилаётган “Жомбой тонги” газетасида Исомиддин Пўлатов муҳаррир вазифасини бажармоқда.

Шунингдек, Азиз Қаюмов, Воҳид Ўрозалиев, Орифжон Одилов, Шерзод Исоқулов, Мафтуна Маматқулова сингари ёш, истеъдодли журналистлар фаолият юритиб келмоқда. Мурод Норқулов бош ҳисобчи вазифасида меҳнат қиляпти.

Ҳозирги вақтда таҳририят қошида “Парвоз” тўгараги ташкил этилган. Шеърият, ҳикоянавислик, журналистикага қизиқувчи йигирмадан ортиқ ёшларни бирлаштирган мазкур тўгарак машғулотлари тажрибали шоир-ёзувчилар, публицистлар иштирокида олиб борилмоқда.

“Жомбой тонги” газетаси бир ойда уч маротаба чоп этилади.

2016 йил, 15 декабрь.