www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Дунёнинг фахрий фуқаролари

– Энг ёқимли, беғубор товуш нима?

– Болаларнинг шўх-шодон кулгуси!

– Бахтли бўлишга энг биринчи ким ҳақли?

– Болалар!

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан туманимизнинг Ёшлар боғида байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Шу куни эрта тонгдан аттракционлар болалар учун бепул хизмат кўрсатди. Тадбир доирасида истеъдодли ёшларнинг ижодий ишлар кўргазмаси, рақс ва қўшиқлар танлови, бадиий асарлар ярмаркаси ўтказилди.

– Жамият бирдан ташкил бўлиб қолмаганидек, инсон онги, дунёқараши ҳам аста-секин шаклланиб боради, –  дейди туман адлия бўлими бошлиғи Fулом Абдулаҳатов. – Ўз ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятларини яхши билган киши ҳаётда қоқилмайди. Бинобарин, болалар ўртасида "Менинг ҳуқуқим – бахтли болалик" шиори остида мусобақа ўтказдик. Қизиқарли шартлар асосида ўтган тадбир сўнгида болажонларимизга ҳуқуқий-маърифий адабиётлар тарқатилди.

– Бугунги байрам ҳар йилгидан завқли ва ўзгача ўтди, – дейди Шомирза Райимов. – Байрам томошасига жиянларимни ҳам олиб келдим. Бир йўла боғчаларнинг фаолияти билан танишдим. Болаларни боғча, мактаб таълимига давлат хизматлари орқали жойлаштириш борасида тушунчага эга бўлдим.

Байрам тадбирларида ўттизга яқин мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болажонлар кўргазмали чиқишлар намойиш этишди. Уларнинг ижодий ишлари, қўшиқ ва рақслари муносиб рағбатлантириб борилди.

Кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзанд­лари ва боқувчисини йўқотган болалар учун байрам дастурхони ёзилди.

Мафтуна МАМАТҚУЛОВА,

Ҳилола ЖЎРАҚУЛОВА.

  • 09-06-2018
  • | 46 |
  • № 21