www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Бахтингга кўз тегмасин, Ватан!

Энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллигимизнинг 27 йиллиги мамлакатимизда кўтаринкилик билан нишонланмоқда. Туман марказий ўйингоҳида ҳам байрам тадбири юқори шукуҳда ўтказилди.

Давлат мадҳияси садолари остида бошланган байрам кечасида беш мингдан ортиқ аҳоли қатнашди. Туман маданият бўлими хонандалари ижросидаги "Ўзбекистон" қўшиғи юракларга илиқлик олиб кирди. Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, хизмат кўрсатган артистлар Равшан Комилов ҳамда Нилуфар Саидова томонидан дилтортар тароналар куйланди.

Тадбирда туман ҳокими У.Назаров қатнашиб, йиғилганларни улуғ айём билан табриклади.

– Сўнгги йилларда барча вилоят ва туманлар, марказдан олис қишлоқлар ҳам янгиланиш ва яшарий сари юз бураётгани бор гап, – деди ҳоким. – Янги турар-жой бинолари, таълим масканлари, тиббий муассаса, йўллар бунёд этилмоқдаки, буни Жомбой мисолида ҳам кўриб турибмиз. Биргина соғлиқни сақлаш соҳасини олайлик. "Тез тиббий ёрдам хизматини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори асосида 5 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктларидаги шароит марказий шаҳарлардан қолишмайди. Буларнинг бари мустақиллик неъмати, истиқлол шарофатидир.

Дарҳақиқат,  бугун туманимиз нафақат вилоят, балки республикада ривожланган саноат марказларидан бирига айланиб боряпти. JV "МAN", "UzTrailer", "Аmin invest" каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарида йигирма мингга яқин ишчи-ходимлар меҳнат қилишмоқда. Замонавий типдаги намунали уй-жой бунёд этиш борасида ҳам туманимиз етакчилик қилаётир. Наймантепа, Зарафшон, Узуновул массивларида фойдаланишга топширилган замонавий уйлар сони мингга етди. "Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида Нўш ва Қўнғирот қишлоқлари замонавий қиёфа касб этиб боряпти. Дастур давомида шу каби ютуқлар, улкан бунёдкорлик ишлари акс этган видеоролик намойиш этилди.

– Озодликдан улуғроқ неъмат йўқ, – дейди меҳнат фахрийси Ҳакима Маърупова. – Йигирма етти йилки, юртимиз озод, осмонимиз мусаффо. Шунинг ўзи катта гап. Юртимизнинг кундан-кун чирой очиб бораётгани эса истиқлолнинг нақадар лазиз неъмат эканини кўрсатиб турибди. Байрамга набираларим билан келдик. Кўзи чақнаб турган ёшлар, спортчилар, ҳарбийлар, санъаткорларнинг чиқишларидан бир олам таассурот олдим.

Дастур сўнгида ҳурлик шарафига отилган мушаклар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 03-09-2018
  • | 15 |
  • № 32