www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Нўшдан Россияга етказиб берилади

Брокколи гулкарами кўпгина мамлакатларда севиб истеъмол қилинади. Асл ватани Италия бўлган ушбу экин туманимизга қарашли 80 гектар майдонда, клас¬тер усулида парвариш қилинди. Айни пайтда пишиб етилган ҳосил даланинг ўзидаёқ экспортга, бир қисми қайта ишлаш корхонасига юборилмоқда.
Нўш маҳалласида бўлиб, жараён билан яқиндан танишдик. Кластер усулининг аҳамияти ўзимизга ҳам яққол сезилди. "Ҳалилов Шерзод Шавкатович" масъулияти чекланган жамияти 40 йиллик ижара асосида ер олиб, иш бошлаган экан. Корхона қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришдан то сотишгача бўлган жараённи қамраб олиб, қайта ишлаш ва четга экспорт қилиш билан шуғулланади.
– Бу йил россиялик ҳамкорларга минг тонна брокколи гулкарами етказиб бериш бўйича шартнома тузганмиз, – дейди "Ҳалилов Шерзод Шавкатович" МЧЖ бошқарувчиси Тўлқин Тўхтаев. – Тупроғи унумдор, кучли шамол эсмайдиган паст текисликда у яхши ривожланади. Нўш маҳалласига қарашли ерлар ана шу талабга жуда мос келди. Шу йилнинг июль-август ойларида ерга уруғ қададик. Агротехник тадбирлар инновацион лойиҳалар асосида олиб борилди. Уч минг кубометр сув сиғимига эга ҳовуз қурганмиз. Сув чиқариш мосламаси ҳовузни узлуксиз сув билан таъминлаб туради. Экинларни суғориш, озиқлантириш ишлари томчилатиш усулида бажарилади. Лойиҳа ишга тушиши билан 30 нафар ходим доимий иш ўрнига эга бўлди.
Брокколи гулкарамининг бир қанча навлари яратилган. Бу ерга экилган "Монако" нави икки-уч марта ҳосил бериши билан аҳамиятли. Олти-ўн даража совуқда ҳам экин ривожланишдан тўхтамайди. Январь ойигача гектаридан 23-30 тонна ҳосил беради. Гулбарги ўта зич жойлашган брокколининг бир килограми хориж бозорида олти-етти АҚШ доллари атрофида баҳоланар экан. Украиналик мутахассисларнинг фикрича, туманимизда етиштирилаётган экиннинг ҳосили жаҳон стандартига тўлиқ жавоб беради. Уларнинг икки нафарини иш жараёнида учратдик. Ишчилар билан ёнма-ён юриб, ҳосил тераётганди. Айтишича, брокколини экспортбоп усулда териб олиш ҳам алоҳида эътибор талаб қилади.
Т.Тўхтаевнинг сўзларига кўра, ҳосилни уч йилгача музлаткичда сақлаш ҳам мумкин. Маҳсулот узоқ вақт сифатини ўзгартирмайди. Аксинча, таркиби қанд миқдори билан бойиди. Шу боис корхона ҳосилнинг ярмини музлаткичда сақлаб, йил бўйи экспорт қилишни режалаштирган. Февраль-март ойларида яна брокколининг эртаги навларини экиш бошланади.

  • 08-11-2018
  • | 65 |
  • № 41