www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Соз ясаш дурадгорнинг иши эмас...

Ҳозирги кунда миллий чолғу асбобларини ясовчи ҳунармандлар бармоқ билан санарли. Вилоят бўйича беш-олти нафардан ошмайди. Эски Жомбой маҳалласида яшовчи Тойир Турсунов ҳам шулар сафида.

Хўш, миллий ҳунармандчиликнинг ноёб ва камёб турига айланиб бораётган соҳанинг яқин йиллардаги истиқболини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳунарманд усталар дуч келаётган муаммоларга ечим борми? Улар нега бугун давраларда, халқ орасида деярли кўринмай қолди?

Устани қизғин иш устида учратдик. 

– Мусиқа асбобини ясаш оддий дурадгорнинг иши эмас, – дейди Т.Турсунов. –  Бу иштиёқ менда жуда эрта уйғонган бўлса керак. Онамиз 16 сўм пенсия оларди. Битта рубоб эса 17 сўм эди. Боқувчиси бўлмаган оилага бу жуда қимматлик қиларди-да. "Шу асбобни ўзим ясаб кўрсам бўлади-ку!" Хуллас, қўл етмас орзуни шу тахлит рўёбга чиқармоқчи бўлгандим.

Бир кулол қўли келишиб қолган шогирдини мустақил иш бошлашга ундабди. Шогирд туни билан мижжа қоқмай ишласа ҳам ясаган буюмлари аслидай чиқмасмиш. Кунларнинг бирида устози ёнига чорлабди:

– Хўш, ишларинг дурустми?

– Ўхшатолмаяпман, шекилли. Бир қарасам, бинойидек. Лекин ҳеч бири сиз ясаган кўзаларга ўхшаб ярақламайди. Шуни билолмай хунобман.

Уста дарров фаҳмлабди. Хумғонга яқин бориб, оловда пишган кўзалардан бирини қўлига олибди-ю, устидаги чангни пуфлаб юборибди.

– Мана бўлди. Сен ясаётган кўзаларга ҳам бир "пуф" етишмаётганди. Доим қизиган кўзани олаётиб, бир пуфлаб юбораман. Шунда хира тортмайди. Кейин исталган рангни беравериш мумкин.

Чолғучиликда ана шу "пуф"ни чамаси, ўттиз йиллар изладим. Кўп йиллар Комилжон Отаниёзовни соз билан таъминлаб келган самарқандлик Жаҳонгир уста бор. Бир муддат унга шогирд тушдим. Кучли хоҳиш, иштиёқ ва қизиқиш бу соҳага тортиб бораверди.

Т.Турсуновнинг асосий касби ўқитувчилик. Ўттиз йилдан ортиқ мактабда ишлаб, меҳнат таълими, мусиқа фанидан дарс берган, ёшларга ҳунар ўргатган. Афсуски, у ишлаган вақтлари, ҳатто ҳозир ҳам тумандаги бирорта мактабда чолғу асбоби йўқ. Буни яхши билган уста уч йил аввал туман халқ таълими бўлимига таклиф билан чиққанди. У катта чегирма асосида, маънавий-моддий томондан ҳомийлик қилиб, туманимиздаги барча мактабларни тор, рубоб, дутор, доира билан таъминлаш истагида. Аммо ҳозирча бу таклиф халқ таълими бўлими томонидан қўллаб-қувватланмаяпти.

Қисқа суҳбатимиз чоғида миллий чолғуларни яратиш, уларни авлоддан-авлодга етказиш, асраб-авайлаш бугунги куннинг долзарб муаммоси экани ҳақида чуқурроқ англадик.

Шерзод ИСОҚУЛОВ, "Жомбой тонги" мухбири.

  • 16-11-2018
  • | 54 |
  • № 42