www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Зарафшонни ҳали танимай қоласиз!

Туманимиздаги аксарият янгилик, бунёдкорлик ишлари дастлаб Зарафшон маҳалласидан бошланиши бежиз эмас. Бетакрор табиати, замонавий шаҳарсозлик қиёфаси, қудратли саноат корхоналари, ижтимоий инфратузилма объектларга бойлиги жиҳатидан бу ҳудуд Жомбой салоҳиятини ўзида мужассам этган.
Яқинда Ўртабўз-2 кўчасида бошланган бунёдкорлик ишлари давомида яна бир иншоотга тамал тоши қўйилди. Туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш мақсадида замонавий меҳмонхона қурилмоқда.
– Ўртабўз-2 кўчасида катта лойиҳаларни рўёбга чиқариш кўзда тутиляпти, – дейди туман ҳокими ўринбосари Шерали Худоёров. – Бир қисми Фарҳод қўрғонига туташиб кетадиган кўчада 21 та хонадон, 19 та хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш объектлари жойлашган. Уларнинг аксарияти замонавий архитектура талабларига жавоб бермасди. Туман қурилиш ва архитектура бўлимлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа замонавий, қулай ва бетакрор кўриниши билан ажралиб туради. Аҳоли ва хусусий тадбиркорларга таклиф этилаётган намунавий лойиҳадаги турар-жой ва савдо-сотиқ иншоотларини барпо этиш учун тижорат банклари кредит ажратишга тайёр. Кўча қиёфасини тубдан ўзгартириш, асфальт қоплама ётқизиш, тунги ёриткичларни ўрнатиш, кўкаламзорлаштириш ишлари тўлиқ давлат бюджети ва ҳомийлик маблағлари асосида бажарилади.
Шу ўринда лойиҳа ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтиш жоиз. Катта Ўзбек трактидан Ҳолвойи қишлоғига бурилиш қисмида пўлат аркали дарвоза қад ростлайди. Кўчанинг бошланиш қисмида замонавий, 300 ўринга эга меҳмонхона қурилади. Ёнидан умумий овқатланиш шохобчаси, ресторан ишга тушади.
Ёшларнинг бизнес ва стартап лойиҳаларига кўмаклашувчи "Коворкинг" маркази, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳам бир-бирига уйғун равишда барпо этилади. Ҳозирги турар-жойлар ўрнини икки қаватли бинолар эгаллайди. Иккинчи қавати турар-жой шаклида бўлиб, пастки қисми савдо ва хизмат кўрсатиш иншооти ҳисобланади. Бу савдо шохобчалари ҳар бир оиланинг қонуний мулки бўлиб, ундан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ижарага бериш ва бошқа мақсадларда ишлатиш эркиндир. Уларга "Ҳар бир оила тадбиркор" лойиҳаси бўйича банклардан имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйиши учун ҳам қулайлик яратилади.
Кўрилаётган бундай чора-тадбирлар аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, бандлик даражасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шерзод ИСОҚУЛОВ,
"Жомбой тонги" мухбири.

  • 23-11-2018
  • | 33 |
  • № 43