www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Байрамларинг кўп бўлсин, элим!

Туманимизда Наврўз шодиёналари Шодлик маҳалласидан бошланди. Бунда ҳам рамзий маъно мужассам. Маҳалланинг тўрт гирдли кенг майдонида қўшни Гулистон, Алишер Навоий, Аҳмаджон Қурбонов, Қорамўйин маҳаллалари жам бўлган.

Бир вақт лапар янграб қолди. Даврага кирган меҳмонга атаб қўшиқ тўқиётган қорамўйинлик онахон йиғилганларнинг олқишини олди. Бу орада Шодлик маҳалласи онахонлари ёш келинларни атрофига йиғиб, келинсаломни бошлаб қолишди. Баҳор шабадасига жўр қадим оҳанглар узоқ-узоқларга таралди.

Тушга яқин байрам ҳақиқий сайил кўринишини олди. Ёшлар боғида айниқса одамлар гавжум. Бир ёнда сумалак ҳозирланган дошқозон.

Асосий байрам шодиёналари марказий ўйингоҳга кўчди. Саҳнада Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов хониш қилмоқда.

Наймантепа маҳалласининг аёллари миллий ширинлик ва нонлар кўргазмасини бошлади.

 – Оби нон, ширмой нон, зоғора, лочира, чап-чак, патир номлари бежиз ишлатилмайди, – дейди Ниёзхол Хидирова. – Шакли ва тайёрланиш усулига қараб, фарқини ажратиш қийин эмас. Узоқ сафарга отланган йўловчи сифати тез бузилмайдиган мана шу қотирмани олиб, йўлга чиққан. Самарқанд нони юмшоқ ва тўйимли бўлгани учун жой, макон танламайди. Маҳалламиз новвойлари бу ҳунарни санъат даражасига чиқариш ниятида. Улар ёпаётган қозон патир анча пайт истеъмолда эмасди. Ҳозир қизини тўй қилиб узатаётган борки, Наймантепага ошиқади. Момоларимиз йўлини берсин. Миллатнинг фахри бўлиб юрсин, деб нон харид қилишади.

Белбоғини маҳкам тугиб, кураш тушаётган полвонлар давраси ҳам кўпчиликнинг эътиборини торт­ган. "Чала", "ёнбош", деган сўзлар тез-тез қулоққа чалинади. Давра аҳли ҳақиқий курашни кўриш иштиёқида. Полвонларни олқишлаб, ҳалол олишувга ундайди.

Ниҳоят, Фазлиддин Ҳалиловнинг қўли баланд келди. Баковул полвонни давра аҳлига яна бир бор таништирди. "Туман болалар ва ўсмирлар мактабида, спортнинг миллий кураш тури бўйича шуғулланяпти. Фазлиддиндан умидимиз катта", – дея мактаб директори ҳам қўшиб қўйди.

Узоқдан чанқовузнинг овози келмоқда. Ҳув, ўша қизил-алвонли ўтовданмикан? Момолар ёш қизларни ўртага олиб, ўйин-кулгу қилаётган кўринади. Яқинроқ борамиз. Тахминимиз тўғрига ўхшайди. Қўлбостилик момолар. Тўрт нафари чанқовузга жўр бўлган. "Қурей-қурей" овози билан қир-адирни уйғотаётгандек гўё. Баҳор, Наврўз сайлини буларсиз тасаввур этиш қийин. Турналар арғимчоқ солиб келаётгандек, чанқовузнинг "қур-қури" тинмайди. Самода варраклар парвоз қилади.

Саҳнада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нилуфар Саидованинг "Турналар" қў­шиғи янгради. Бу халқона оҳанглар уйғунлигини сезмаслик мумкин эмас. Отабек Муталхўжаев, Мардон Мавлонов ижросидаги куй-қўшиқларда ҳам тинч-тотув кунларнинг шукронаси мужассам.

Наврўз азал-азалдан бирдамлик, саховат, меҳр-оқибат аёми бўлиб келган. Байрам сайлида жамики қадриятлар бўй кўрсатди. Сайил муносабати билан эҳтиёжманд оила фарзандлари, ногиронлар учун байрам дастурхони ёзилди.

***

Туманимизнинг Қўн­ғирот маҳалласида халқаро кўпкари мусобақаси ўтказилди.

Унда қўшни республика ва вилоятлардан полвонлар қатнашди. Қир-адирларда ўтовлар тикилди, турли халқ ўйинлари ўтказилди. Дошқозонларда сумалак, ҳалим каби миллий таомлар тайёрланди. Кўпкари мусобақаси чинакам сайил тусини олди. Айниқса, хориждан ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳайрати чексиз.

– Шарқ халқларининг кўпкари мусобақаси ҳақида кўп эшитганман, бир марта Қозоғистон Республикасида бевосита қатнашганман, – дейди франциялик Франсуазе Ленотре. – Аммо бугун сира ҳайратимни яшира олмаяпман. Одам­­лардаги ҳамжиҳатлик, ўзига хос қадриятлар менга манзур бўлди. Миллий таомларингиз, куй-қўшиқларингиз бир умр ёдимизда қолади, деб ўлайман.

Ўзбекистон ва Қозоғистон полвонлари ўртасидаги мусобақада вакилларимиз 3:2 ҳисобида ғолиб бўлди.

Жиззахлик Ориф Шодиёров бош соврин – "Chevrolet Lacetti" автомобилини қўлга киритди.  Полвон ушбу ютуққа пайариқлик Элёр Бойматовнинг "Пантерра" лақабли қорабайир отида сазовор бўлди.

Наврўз тантаналари юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

Соҳиб САЙФУЛЛАЕВ,

"Жомбой тонги" мухбирлари.

  • 20-03-2019
  • | 167 |
  • № 11