www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мустақиллик байрами ҳар йилгидан ўзгача қарши олинди

Асосий байрам тантаналари марказий ўйингоҳда бошланди.

Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев тадбир иштирокчиларини энг улуғ, энг азиз айём билан табриклади. Мустақилликнинг 28 йиллик тўйини халқимиз бир қатор ютуқлар билан қарши олаётгани айтилди.

– Юрт равнақи, аҳоли фаровонлигини таъминлашда турли соҳаларда эришаётган натижаларимиз муҳим аҳамият касб этади, – деди ҳоким. – Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 822 миллиард сўмдан ортди. Деҳқонларимиз меҳнати билан 1 триллион 305 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилди. Намунавий лойиҳа асосида бунёд этилган 102 та уй-жой қурилди. Бундан ташқари, 41 нафар хотин-қизлар имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

Таълим, фан ва маданият соҳасида эришилган ютуқлар ҳам салмоқли экани айтиб ўтилди. Ёш авлодни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси қарийб 40 фоизга яқинлашган. Халқ таълими, тиббий хизмат сифати борасида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин.

Туман маданият бўлими, мусиқа ва санъат мактаби, фолкьлор жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Ватан, она юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

– Маҳалламиз фаоллари жам бўлиб, байрам томошасига келдик, – дейди Хитой қишлоқ оқсоқоли Сайфи Маматқулов. – Кундан-кун обод, фаровон бўлиб бораётган юртга шодиёналар ярашади. Бу йил маҳалламиз маркази тўлиқ ишга тушди. Аҳолига кенг қулайликлар яратилди. Савдо дўконлари, сартарошхона, ошхона, хусусий боғча ва бошқа маиший хизмат шохобчалари сифатли хизмат кўрсатяпти. Мана шундай кунлар учун қанча шукрона келтирсак оз. Беш нафар фарзандим, ўн нафар набирам бор. Уларнинг ютуқларидан қувонаман. Ҳаммаси тинчликнинг шарофати. Мустақиллигимизга кўз тегмасин.

Пойтахтдан таклиф этилган таниқли хонандалар Сардор Мамадалиев ва Шароф Муқимов ижросидаги қўшиқлар ҳам барчага манзур бўлди.

***

"Нуроний" жамғармаси туман бўлимида ҳам байрам тадбири ташкил этилди.

Унда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев иштирок этиб, маҳалла ва жамоат ишларида фаол нуронийларнинг мурожаати, таклиф ва ташаббуслари билан қизиқди. Оилаларда тинчлик-тотувликни таъминлаш, ёшлар тарбиясида кексаларнинг ролини ошириш, бу борада учраб турган хато ва камчиликлар таҳлил этилди. Шунингдек, ўтган 28 йил ичида мамлакатимизда юз берган ўзгаришлар, мустақиллик берган имкониятлар тилга олинди. Зеро, буларнинг барчасига кекса авлод гувоҳ. Дориломон кунларнинг қадрини улар теранроқ англайди, ҳис этишади.

 – Бугун ҳам ўзининг кўп йиллик ҳаётий тажрибаси, амалий саъй-ҳаракати билан туманимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган нуронийларимиз кўп, – деди туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев, – Шу маънода Барот Нодиров, Мусурмон Юсупов, Эркин Омонов, Дилбар Жалилова  каби отахону онахонлар номини тилга олиш мумкин. Нафақат ўз маҳалласи, балки туман миқёсидаги турли масалаларда ҳам уларнинг ёрдамини ҳис этиб турибмиз. Бу ҳамкорлик янада кенгайишини истардик.

"Оила-мактаб-маҳалла" ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келаётган, ҳар жабҳада фаол нуронийларнинг бир гуруҳига эсдалик совғалари топширилди. 

***

Халқимиз Мустақиллик айёмини кўтаринки кайфиятда кутиб олмоқда. Шундай тадбирларнинг навбатдагиси ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар даврасида нишонланди.

Туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси, "Ногиронлар" ва "Кўзи ожизлар" жамиятлари иштирокида байрам дастури ташкил қилинди. Ногиронлиги бўлган уч нафар фуқарога ортопедия маҳсулотлари берилди.

"Афсона" базмгоҳида байрам дастурхони ёзилди.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

***

Соҳиб Сайфуллаев олган суратлар.

  • 31-08-2019
  • | 75 |
  • № 27