www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Жомбойда “Шарқ тароналари” янгради

"Шарқ тароналари" XII  халқаро мусиқа фестивалида бу йил 70 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашди. Анъанага мувофиқ, бир гуруҳ жамоалар туманимизда ҳам бўлиб, концерт дастурини намойиш қилишди.

Болалар мусиқа ва санъат мактабида АҚШ, Португалия, Мўғулистон ва аргентиналик ижодкорлар муносиб кутиб олинди. Туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади.

– "Шарқ таронлари" фестивалида иштирок этувчи давлатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда, – деди туман ҳокими. – Бу фестиваль барчани бир мақсад йўлида бирлаштириб, тинчлик ва дўстликни тараннум этаётгани билан аҳамиятли. Иштирокчиларнинг бир гуруҳи туманимизда ҳам меҳмон бўлиб тургани катта қувонч бағишлайди. Куй-қўшиқ тил ва миллат танламайди. Маҳорат билан ижро этилган санъат асари инсон қалбини жунбушга келтиради. Тинглаб, завқ оламиз.

Байрам дастурини Мўғулистоннинг "Hada" гуруҳи бошлаб берди. Миллий созлар жўрлигида ижро этилган "Дарахт", "Шаҳрисабз" номли қўшиқлар шўх рақсларга уланди.

"Henhouse Prowlers" гуруҳининг тўрт нафар ёш хонандаси кўплаб халқларнинг мусиқа санъатини блюгарс йўналишида ижро этишади. 25 мамлакатда бўлиб, 175 марта концерт дастурларини намойиш қилган. АҚШнинг ушбу гуруҳи ўзига хос санъати билан дунё аҳлини ром этиб келмоқда.

– Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси билан дўстона алоқаларимиз бор, – дейди гуруҳ хонандаси Кайл О' Брайн. – Уларнинг тавсияси билан "Шарқ тароналари"да иштирок этиш шарафига лойиқ бўлдик. Репертуаримиз ўзбек халқ қўшиқ ва куйлари билан янада бойиди. Айниқса, биз ижро этаётган "Қилпиллама" халқ қўшиғи гуруҳимиз шуҳратини оширди. Турли миллат вакиллари севиб тинглаяпти. Самарқандда кечган кунларимни ҳеч қачон унутмасам керак. Кўплаб дўстлар орттирдик. Мўғулистонлик ижодкорлар билан ҳамкорлик қилиш истаги туғилди. Фестиваль бизга янги лойиҳалар, ижодий имкониятлар эшигини очиб берди.

– Португаллар ҳам санъатсевар халқ, – дейди Португалиянинг "Fado" мусиқий жамоаси раҳбари Андре Таварис. – "Аduf" номли мусиқий асбобимиз ўзбек доирасига жуда ўхшайди. Аммо техника такомиллашгани сари бизда бу асбоблар унутиляпти. Ўзбекистонлик мусиқачиларнинг доира чалиш услуби, маҳорати мени ҳайрон қолдирди. Инсоният яратган маданий бойликлар замонлар ўтса ҳам эскирмайди. Халқона куй-қўшиқлар миллат ва элатларни бир-бирига боғловчи восита бўлиб қолади. Фестиваль давомида шуни кўпроқ ҳис этдим. 

Аргентина ва Мўғулистон ижодкорларининг мусиқий чиқишлари ҳам барчага манзур бўлди.

Ҳунарманд усталар томонидан кўргазмага қўйилган миллий маҳсулот ва чолғу асбоблари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 31-08-2019
  • | 74 |
  • № 27