www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Юрт мудофааси ишончли қўлларда

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан туман ҳокимлигида байрам тадбири ўтказилди.

Туман ҳокимлиги, туман мудофаа бўлими, автомобиль мактаби раҳбарлари, йигитлик бурчини ўтаётган аскар йигитларнинг оналари, “Нуроний”, “Маҳалла”, “Камолот” ЁИҲ ва бошқа мутасадди ташкилотлар иштирок этган тадбирда туман ҳокими Ҳ.Бўриев сўзга чиқди ва Ватан ҳимоячилари куни билан йиғилганларни табриклади.

– Мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий дахлсизлигини таъминлашга, Ватан ҳимоячилари салоҳияти ва профессионал тайёргарлигини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – деди Ҳ.Бўриев. – Қолаверса, Президентимизнинг алоҳида фармони билан давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди. Ушбу фармон асосида бир гуруҳ юртдошларимиз, ҳарбий хизматчиларнинг эсдалик нишонлари билан тақдирлангани ҳам соҳага қаратилаётган юксак эътибордан далолат беради.

Бугунги кунда ўз хизмат бурчини виждонан бажариб келаётган, жанговор ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори кўрсаткичларга эришган ҳарбийларимизнинг оналарига ҳам фахрий ёрлиқ ва эдалик совғалари топширилди.

Сарой маҳалласида яшовчи, ҳозирда Фарғона чегара қўшинида шартнома асосида ўз хизмат вазифасини бажараётган Сардор Ўроловнинг онаси Гулчеҳра Бўриева ҳам ана шундай эҳтиромга лойиқ кўрилди.

– Ўғлим Сардоржон бугун Фарғона чегара қўшинида шартнома асосида ўз хизмат вазифасини ўтамоқда, – дейди Г.Бўриева. – Бугун фарзанди туфайли юксак эътирофга созовор бўлган она сифатида қалбим ғурур ва қувончга тўлди. Мана шундай эътибору эъзоз учун Президентимизга миннатдорчилигимни билдираман.

***

Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Жомбой автомобиль мактабида ҳам ўтказилди.

– Мактабимизда катта тажрибага эга, ўз касбининг билимдони бўлган мураббийлар, уста-ўргатувчилар меҳнат қилмоқда, – дейди муассаса бошлиғи Шокир Абдуллаев. – Мақсадимиз, бизнинг мактабда тарбияланаётган мутахассислар ўз касбининг профессионал эгаси сифатида Қуролли Кучларимиз сафида самарали хизмат қилишсин. Айтиш мумкинки, чақирилувчиларимизнинг бугунги назарий-амалий машқлари эртага Ватан олдидаги бурчларини муносиб ўташларида катта роль ўйнайди.

Чақирилувчилар мамлакатимиз Қуролли Кучлари салоҳиятига бағишланган фильмни томоша қилдилар.

Мактабнинг бир гуруҳ фаол ўқувчиларига «Камолот» ЁИҲ томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Азиз ҚАЮМОВ.

  • 18-01-2017
  • | 269 |
  • № 2