www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

1943 йилнинг баҳори

Узоқдан таниш куй қулоққа чалинди. Fани ота сергакланди. Бу қўшиқни эшитмаганига ҳам кўп бўлганди. Аммо сўзлари ёдида экан:

Бу кун ғалаба кунидир, йиллар армони,

Кўзи ёшлар байрами – ғалаба куни...

Алланечук хотиралар қуйилиб келди. Фронтга жўнаб кетилган кун, ҳарбий эшелонда танишган илк қуролдош дўстлари, Смоленскдаги беомон жанглар...

– Бобо, сизни йўқлаб келишибди.

Fани ота хонага набираси кириб келганини сезмай қолган экан. Шашқатор ёшларини кафтлари билан сидирди:

– Ўзим ҳам айтдим-а, таниш куй қаёқдан келяпти экан, деб. Хуш келибсизлар, болаларим. Келинг, келаверинглар.

Хонага бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар кириб келишди. Бирининг қўлида гул, бошқаси каттакон аккардион ушлаб олган. Шу мусиқа асбоби ҳам Fани отага жуда яхши таниш. Фронтда юришганида Васья исмли рус йигит билан дўстлашган эди. Ён-атрофда уруш даҳшатлари кезиб юрган бўлса-да, ўша йигитча гўзалликка интилар, аккардиондан ёқимли мусиқалар чалиб берарди. Кенжавой исмли қозоқ дўстлари ҳам бўларди. Аккардион жўрлигида "Fалаба яқиндир" қўшиғини куйлаб бергани Fани отанинг ҳануз ёдида.

...1943 йилнинг баҳори эди. Гарчи душман анча нарига улоқтирилган, ҳужум шиддати кесилган бўлса-да, уруш урушлигини қилар, ҳар қадамда даҳшатга дуч келиш мумкин. Смоленскдаги сўнгги қирғинбаротлар ортда қолган. Фақат унда-бунда душман мерганлари бўлиши мумкин.

Мерган деганлари шундай балоки, унинг ўқидан жуда катта омадинг бўлсагина қутулиб қолиш мумкин. Чунки у бир марта, лекин аниқ нишонга олади. Ўша куни Васья ва Кенжавой билан топшириқ бажариш чоғида душман мерганига йўлиқишди. Омад эса фақат Fани отага кулиб боққан экан...

...Госпиталда узоқ даволангач, уйига қайтариб юборишди. Боши ва ўнг қўлидан яралангани учун энди фронтда ортиқ ушлаб туришга ҳожат қолмаганди.

Fани ота Ватанга қайтгач, қишлоқ хўжалиги тизимида меҳнат қилди. Уйланиб, бутун умрини жафокаш халқ хизматига бағишлади. Бугун 94 ёшни қарши олаётган Fани Тожибоев туманимизнинг энг ардоқли кексаларидан бири.

Ўқувчилар бирма-бир уруш кўрган жангчини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклар, унга уруш йиллари қўшиқларидан куйлаб берардилар. Яратганга шукур, умри бежиз ўтмабди. Яна бир нарса учун шукрона келтирадики, ўша доғули йилларда ҳалок бўлган дўстларининг ҳам жони беҳуда совурилмабди. Дунёда тинчлик, деган буюк сўз бор экан, улар ҳамиша ёдда...

Орифжон ОДИЛОВ,

Соҳиб САЙФУЛЛАЕВ,

"Жомбой тонги" мухбирлари.
  • 10-05-2018
  • | 201 |
  • № 17