www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

АДОЛАТЛИ ЎТМАГАН ТЕНДЕР БЕКОР ҚИЛИНАДИ

Жойларда Халқ қабулхонасининг сайёр қабуллари ўтказилмоқда. Навбатдаги тадбир Тут маҳалласида бўлиб ўтди. Унда фуқаролар томонидан келиб тушган ўндан ортиқ мурожаатлар жойида ҳал этилди.

Таъкидлаш керак, сўнгги йилларда Тут маҳалласига қарашли қабристонларда кенг кўламли ободончилик ишлари бажарилди. Бироқ Зармак ва Чувиллоқ қабристони ҳудудининг девор ва панжара билан ўраб олинмагани бу ишларга соя солиб турганди. Йиғилишда кўтарилган мазкур муаммо тез фурсатда бартараф этиладиган бўлди. Қурилиш ишларини маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари асосида ташкил этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.

Катта қишлоқ маҳалласида яшовчи Марҳабо Каримова Дўстлик қишлоқ врачлик пункти биносини қайтадан тендер савдосига қўйиш ва танловни адолатли ўтказиш таклифи билан чиқди. Мурожаат шу ернинг ўзида маъқулланди.

Саричашма маҳалласида истиқомат қилувчи Улуғбек Жўраев коллежни тамомлагач, хонадонидан устахона очганди. Кейинги вақтларда иш ҳажми ошди. Ёнига 5-6 нафар битирувчини олиб, иш билан таъминлади. Аммо икки йилдан бери хона торлик қилаётгани учун иши бироз юришмаётганди. Эндиликда унинг бу муаммоси ҳам барҳам топади.

– Маҳалламиздаги қишлоқ фуқаролар йиғинининг собиқ  биноси бўш турибди, – дейди У.Жўраев. – Тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш учун кенгроқ жой, қулай шароит керак бўлаётганди. Шу ният билан сайёр қабулга келдим. Таклифим маъқулланди. Бўш турган бино менинг номимга расмийлаштириб бериларкан. Орзум амалга ошаётганидан мамнунман.

Шунингдек, 6-умумтаълим мактабида ҳам сайёр қабул ташкил этилди. Унда Нўш, Журият ва Наймантепа маҳалласи фуқароларининг мурожаати эшитилди. Хусусан, фермерлик фаолияти ва томорқа деҳқончилиги ривожига тўсиқ бўлаётган тўртта муаммо, уй-жой ажратиш, соғлиқни сақлаш ва оилавий низолар бўйича келиб тушган кўплаб мурожаатларни ижобий ҳал этилиши белгилаб олинди.

Шерзод ИСОҚУЛОВ, “Жомбой тонги” мухбири.

  • 17-05-2018
  • | 209 |
  • № 17