www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

140 ТА УЙ-ЖОЙ НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛГАН

2019 йилнинг май ойига қадар турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилади. Туман адлия бўлими, давлат хизматлари маркази ҳамда ер-мулк кадастри вакиллари аҳолига ушбу акциянинг тартиб-қоидаси билан таништирмоқда. Навбатдаги тадбир Зарафшон маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди.

– Хўш, бу акция ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи олиш имконини беради, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Fулом Абдулаҳатов. – Агар турар-жойнинг эгалик ҳуқуқи бўлмаса, туман давлат хизматлари бўлимига учрашиш зарур. Акцияда қатнашиш учун фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ҳамда маҳалладан маълумотнома керак, холос. Ҳужжат қабул қилингач, ишчи гуруҳ ўша жойни батафсил ўрганиб, хулоса беради. Шуни эсдан чиқармаслик зарур, акция якунлангач, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқи берилмайди.  Шунингдек, бундай иморатлар экин майдонларининг ўрнида қурилган бўлса ёки фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдирса, акцияга қўйилмайди. Бугунги учрашув иштирокчиларига акциянинг бориши ҳақида батафсил тушунча бердик.

– Маҳалламизда 140 дан ортиқ ноқонуний турар-жойлар қурилган, – дейди Зарафшон МФЙ раиси Роҳиба Ҳасанова. – Аҳоли 2014 йилдан буён уй-жой қуриб, яшаб келмоқда. Эгалик ҳуқуқи берилмагани учун бу ерлар низоларга сабаб бўлаётганди. Акциянинг жорий этилгани аҳолига катта енгиллик беради.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг апрель ойида  "Фуқароларни ижтимоий қўллаб– қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида"ги Президент фармони қабул қилинган эди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 21 июнда Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам қабул қилинди. Бир марталик акцияни ўтказиш тартиби ушбу қарор билан тасдиқланган "Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқларини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида"ги низом талаблари асосида ташкил этилади.

Шерзод ЭРГАШБОЕВ.

  • 24-07-2018
  • | 145 |
  • № 26