www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Баҳористонликлар сув ичмайдими?

"Адолат" социал-демократик партияси туман кенгашида "Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик" шиори остида семинар ўтказилди. Тадбирда партия марказий аппарати вакиллари, туман хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ҳамда ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари қатнашди.

Фарзанд тарбияси, оилада аёлнинг ўрни, эрта никоҳ, ишсизлик каби муаммо ва камчиликлар ўртага ташланди. Уларни бартараф этиш юзасидан мутахассислар фикри эшитилди.

– Бугунги семинардан асосий мақсад, партия фаолиятининг ютуқ ва камчиликларини сарҳисоб қилиш, – дейди "Адолат" СДП марказий кенгаши Аёллар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими раҳбари Райхона Раҳмонова. – Мавжуд муаммоларни бартараф этишда ҳамкорликсиз иш битмайди. Бу дегани, ҳар биримиз жамиятда рўй бераётган жараёнларга бефарқ бўлмай, дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз лозим. Семинар давомида Алишер Навоий маҳалласида бўлдик. У ерда яшовчи фуқароларнинг муаммоларини ўргандик. Баҳористон кўчасида 108 та хонадонни ичимлик суви муаммоси қийнаб келаётгани аниқланди. Мутасаддиларнинг айтишича, тизимни қайта реконструкция қилиш 2020 йил дастурига киритилган эмиш. Лекин унгача аҳоли ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қандай қондиради? Бу савол ҳозирда олдимизда кўндаланг бўлиб турибди. Ўйлаймизки, бунга ҳам аниқ ечим топилади.

Ш.Воҳидова банкдан кредит олиб, тадбиркорликни йўлга қўймоқчи эканлигини билдирди. Тегишли соҳа мутахассислари томонидан бу борада маълумот ва кўрсатмалар берилди. Н.Маъмированинг иш сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал этилди.

– Ўғлим "Амин инвест интернейшнл" қўшма корхонасида май ойидан бошлаб ишлайди, – дейди Баҳористон кўчасида яшовчи Хабар Ҳусаинова. – Ўша вақтдан буён маош олмайди. Семинарда мурожаатимни ўрганиб чиқилиши айтилди.

Камола УМАРОВА, "Адолат" СДП туман кенгаши раиси.

  • 24-07-2018
  • | 37 |
  • № 26