www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

33960 нафар ёшларнинг қизиқиши ўрганилди

Ёшлар иттифоқи ҳузурида "Ёшлар – келажагимиз" жамғармаси очилмоқда. Жамғарма ёшларнинг бизнес ташаббуси, стартап, ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашади. Айни шу мақсадда туман ишчи гуруҳи аъзолари жойларда бўлиб, ёшларнинг қизиқишлари, мақсади, эҳтиёж ва муаммолари билан қизиқмоқда.

Таъкидлаш жоиз, ишчи гуруҳ аъзолари хонадонма-хонадон юриб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 33960 нафар ёшларнинг рўйхати шакллантирилди. Шулардан 300 нафарга яқини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган. Уларнинг таклиф ва ғоялари жамғарма томонидан кўриб чиқилади. Айни вақтда ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттиряпти.

"Ёшлар – келажагимиз" давлат дастурига кўра, ёшларга тижорат банклари орқали имтиёзли кредит ҳамда мол-мулк лизинг асосида берилади. Туманимизда қурилаётган "Ёш тадбиркор" коворкинг маркази ва "Ёшлар гузари" ҳам уларга бизнес режа тузиш, ер-жой ажратиш масаласида яқиндан кўмак бериб, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган.

–  "Ёшлар гузари" ва коворкинг маркази хусусий тадбиркорлар билан ўзаро шерикчилик асосида йўлга қўйилмоқда, – дейди Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши раиси Фаёз Суяров. – "Ёшлар – келажагимиз" жамғармаси ҳам шу бинода жойлашади ҳамда уларнинг ишини мувофиқлаштиради. Қолган хоналар ёш тадбиркорга ёки ишсиз ёшларни доимий иш билан таъминлаш мажбуриятини олувчи тадбиркорга ажратиб берилиши мумкин.

Хонадонма-хонадон юриб, аниқланаётган камчилик ва муаммолар доимий эътиборида.  Хусусан, фуқаролик паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш ва турар жойдан рўйхатдан ўтказиш бўйича ёшлар ўртасида 63 та, тиббиёт йўналишида 69 та, бандлик масаласида 14 та муаммо аниқланиб, ижрога олинган. 

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 01-08-2018
  • | 56 |
  • № 28