www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Автоҳалокатдан жабрланган аёлга ёрдам кўрсатилади

Биринчи сектор раҳбари, туман ҳокими У.Назаровнинг жойларда сайёр қабули ўтказилмоқда. Наймантепа маҳалласидаги учрашувда соғлиқни сақлаш, уй-жой қурилиши ва коммунал соҳада тўпланиб қолган муаммолар мутасаддиларга маълум қилинди.

Машҳура Шарипованинг сўзларига кўра, у автоҳалокат сабабли кўриш қобилиятини йўқотган. Қайта даволаниши зарур. Хасталик, етишмовчилик ва оилавий низолар барҳам топмаяпти. Икки ўртада вояга етмаган болалари қаровсиз, тарбияси назоратсиз қолиши мумкин.

Қозон қишлоғида яшовчи Анвар Абдумўминов ёш бўлса-да, сурункали хасталикдан азият чекади. Яқинда турмуш ўртоғи ҳам хасталикка чалиниб, шифохонага ётқизилган. Аммо дори-дармон етказиб беролмаяпти. Ёш оиланинг танг аҳволга тушиб қолгани МФЙ ходимларини ташвишга солмаган  кўринади. Ижтимоий нафақа сўраб, мурожаат қилса-да, шу пайтгача инобатга олинмаган.

Шу куннинг ўзида А.Абдумўминовга ижтимоий нафақа тайинланиб, М.Шарипованинг саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

 – Мактабимиз куз-қиш мавсумига тайёр эмас, том қисми яроқсиз ҳолатда, – дейди  6-умумтаълим мактаби директори Жамшид Жуманов. – Жорий таъмир учун ажратилган маблағ асосий хоналарни пардозлашга сарфланди, холос. Мактаб муаммосини сайёр қабулда муҳокама қилдик. Мутасаддилар шу ернинг ўзида бир қарорга келишди ва таъмирлаш ишларига қўшимча маблағ ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, ноқонуний уй-жой қурилиши бўйича келиб тушган мурожаатлар ҳам ўрганилди. Аҳолига бир марталик акциянинг ўтказилиш тартиби тушунтирилди.

***

Туман ҳокимининг навбатдаги сайёр қабулида Шерқўрғон маҳалласи фуқароларининг мурожаати эшитилди.

– Мурожаатлар турлича, аммо мақсад битта, – дейди туман ҳокимлиги концелария бўлими мудири Ф.Бобобеков. – У ҳам бўлса муаммога ўз вақтида ечим топиб, халқимизни рози қилишдир. Сўнгги пайтларда мунтазам ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳолининг фаол қатнашаётгани, муаммолар ҳал этилаётгани бундай тадбирларнинг самарадорлигини оширмоқда.

Оғажон қишлоғида яшовчи Ф.Худойбердиев соғлиғини тиклаш учун амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Т.Мавлонова намунали уй-жойга муҳтожлигини билдирди. Шу каби мурожаатлар тегишли соҳа вакиллари томонидан ёзиб олиниб, тез орада мурожаатчиларга ижобий жавоб қайтарилиши маълум қилинди.

Мафтуна МАМАТҚУЛОВА,

“Жомбой тонги” мухбири.

  • 26-08-2018
  • | 61 |
  • № 31