www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Халқ ишончини йўқотган раҳбар

Узоқ йиллар ҳокимлик тизимида меҳнат қилдим. Тажрибам давомида чиқарган хулосам шу бўлдики, халқ давлат одамига ишонади, суянади. Аммо ана шу ишончга путур етса, бу хатони ҳеч бир нарса билан тўғрилаб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари мансабдорларнинг ҳалол бўлиши зарур экани, халқ олдидаги масъулияти ҳақида куюниб гапиряти. Сирасини айтганда, деярли барча соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимояси, даромадларини ошириш бўйича амалий чоралар кўрилди. Буларнинг ҳаммаси жамиятимизда коррупцияга қарши курашиш, ҳалол муҳитни қарор топтириш мақсадида қилиняпти. Афсуски, коррупция ҳолати бот-бот такрорланиб турибди. Қайд этилаётган жиноий ҳолатларда маҳаллий давлат ҳокимлиги ходимларининг ҳам борлиги ачинарли.

Оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган хабарларни таҳлил қилсак, сўнгги бир ойда саккизта ҳокимлик вакили пора билан айбланиб, ҳибсга олингани ойдинлашади. Улар орасида вилоят ва туман ҳокимлари, ҳоким ўринбосарлари, етакчи мутахассислар бор.

Юқорида халқ ишончи масаласига бежиз тўхталмадим. Халқимиз меҳнаткаш, ҳалолликни ёқтиради. Агар раҳбар фаолияти давомида зиғирча қаллобликка йўл қўйса, халқ назаридан қолади. Бундан ортиқ жазо йўқ аслида.

Бугун нуроний ёшдамиз. Истардимки, янги авлод раҳбарлари ҳалол ишласа, шаънига доғ туширмаса. Ҳалол топган маошига қаноат қилса. Ахир ҳалол меҳнатда ҳикмат кўп.

Илҳом НИЁЗОВ,

"Нуроний" жамғармаси туман бўлинмаси раиси.

  • 17-10-2018
  • | 39 |
  • № 38