www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Етмиш ёшли аёл – жиноятчи!

Жорий йилнинг ўтган даврида туманимизда олтмишни қоралаган ўндан ортиқ аёл жиноятга қўл урди.

Уларнинг аксарияти таркибида гиёҳванд моддалар сақлайдиган ўсимлик парваришлагани учун жавобгарликка тортилган. Ачинарлиси, бу ишни ўз ҳовлисида, фарзанд-набиралари кўз ўнгида қилган.

Бу борада матбуотда ҳам туркум мақолалар, суд очерклари бериб бориляпти. Маҳаллаларда очиқ суд мажлислари, тарғибот-тушунтириш тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Афсуски, рақамлар ошса ошдики, камайгани йўқ.

Яқинда худди шу мазмундаги яна бир жиноят иши судда кўрилди. Саодат Қамарова (исм-шарифи ўзгартирилган) етмиш (!) ёшдан ошган. Ўн беш йилдан бери нафақада. Саккиз нафар фарзанди, элликка яқин набираси бор. Аслида, инсон бу ёшда кексалик гаштини суриши, ёшларга тўғри йўлни кўрсатиши керак. Аммо бу аёл бошқача йўл тутган. Томорқасида кўкнори, наша каби инсон ҳалокатига сабаб бўладиган ўсимликлар етиштирган. Бу заҳриқотил ҳовлисида ўйнаб юрган набиралари каби кимнингдир азиз фарзандига чанг солишини ўйлаб кўрмаган. Ёки ўйласа-да, нафс қутқуси устунлик қилган. Оқибат, нуроний ёшида "қоракурси соҳиби" бўлди. Афсуски, бу ягона мисол эмас.

Баъзан ўйга толасан, киши. Бу аёллар оналик туйғуси устунлик қилиб, фарзанди содир қилган қилмишни бўйнига олмадимикан? Жазо тайинлашда кишининг кексалиги ҳам инобатга олиниши бор гап-да. Нобакор фарзандлар қонунчилигимизнинг айни шу тамойилини суиистеъмол қилмаяптимикан? Агар шундай бўлса, энг жирканч ишга қўл урган бўлади. Қайси фарзанд ўз қилмишига онасини жавобгар қилади?

Масаланинг яна бир жиҳати, назардан четда қолмоқда. Яъни, бундай жиноятлар ёлғиз бир киши иштирокида амалга ошмайди. Юқоридаги воқеани олайлик. Иш ҳужжатларига кўра, С.Қамарова ўша заҳриқотилни 6 квадрат-метр майдонда парваришлаган. Демоқчимизки, буни оиланинг бошқа аъзолари билмаслиги мумкин эмас! Қонунчилигимизга кўра, жиноятни яшириш ҳам жиноят. Модомики, шундай экан, оиланинг бошқа аъзолари ҳам жавобгарликка тортилиши керак. Қолаверса, инсонпарварлик принципига кўра, мазкур судланувчиларнинг аксариятига озодликдан чеклаш жазоси қўлланмоқда. Бу тунги вақтларда уйдан чиқмаслик, оммавий тадбирларда қатнашмаслик, спиртли ичимликлар ичмаслик каби чекловларни англатади. Мантиқан олганда, етмиш ёшли аёл учун бу жазо эмас, одатий кун тартиби. Демак, бу таъсир чорасини самарали, деб бўлмайди.

Халқимизда раҳм-шафқат, одамийлик хислатлари улуғланади. Шу маънода юқоридаги фикрлар кимгадир эриш туюлар. Аммо бир жиҳатни ёдда сақлашимиз керак. Гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноятлар шунчаки гап эмас. Бунда бутун миллат генофонди, келажагига қаратилган улкан хатар бор. Демак, унга қарши курашда жиддийроқ йўл тутиш жоиз. Муҳими, жиноятга чек қўйилсин.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 30-10-2018
  • | 47 |
  • № 40