www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Халқ депутатлари Жомбой туман кенгаши – йилнинг энг намунали кенгаши!

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши ҳамда халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг 40-қўшма сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни халқ депутатлари туман кенгаши раиси, туман ҳокими У.Назаров очиб берди.

Олий Мажлис ва туман кенгаши депутатлари, фаоллар, тумандаги корхона-ташкилот раҳбарлари қатнашган йиғилишни Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳ.Кетмонов олиб борди.

Дастлаб ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан Жомбой туманида аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақидаги масала муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси бошқарма прокурори И.Нуриддинов ахборот берди.

Айтилдики, жорий йилнинг 16-22 октябрь кунлари ишчи гуруҳ ўрганиши натижасида туманда жами 9535 та масалалар ва муаммолар аниқланган. Шундан 1009 таси йўлларни таъмирлаш, 3570 таси газ, 457 таси электр энергияси таъминоти, 142 таси банк кредити, 636 таси соғлиқни сақлаш, 371 таси уй-жой, 193 таси бандлик, 250 таси моддий ёрдам, 136 таси ичимлик суви, 248 таси кадастр, 1005 таси кўмир, 61 таси паспорт билан боғлиқ муаммолардир.

Аниқланган муаммоларнинг 4980 таси, шундан 1-секторда 1682 та, 2-секторда 1312 та, 3-секторда 1160 та, 4-секторда 826 таси жойида бартараф этилди.

Сессияда шунингдек, туманда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, бўш турган бинолар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ер майдонлари ҳамда улар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, коммунал хизмат кўрсатиш, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, Сенатнинг 2018 йил 29 июндаги ҳамда Сенат Кенгашининг 2018 йил 13 августдаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид қарорлари ижроси ҳақидаги масалалар муҳокама этилди.

Йиғилишда туман ҳокими У.Назаровнинг Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммоларнинг ижроси юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Ҳоким ҳисоботида Ногаҳон ва Олмазор маҳаллалари туманнинг оғир ҳудудлари эканлиги эътироф этилди. МФЙларнинг алоҳида биноси йўқ, мазкур маҳаллалардаги ички йўллар узоқ йиллардан буён таъмирланмаган. Маиший хизмат кўрсатиш бинолари, ҳаммом, балалар боғчаси мавжуд эмас. Симёғоч ва сим кабеллари эскирган, трансформаторлар таъмирталаб, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда муаммолар мавжуд. Аҳоли алоҳида қўлбола пишма качалкалардан фойдаланиб келмоқда.

Тумандаги мавжуд 30 кўп қаватли уй-жойларни иситиш тизими бўлмаганлиги сабабли, бугунги кунда иситиш тизимида фойдаланилаётган замоновий локал қозонхоналар ўрнатилишини 2019 йил Давлат дастурига киритиш лозим. Тошкент, Гулистон, Алишер Навоий, Аҳмаджон Қурбонов, Шодлик ва Самарқанд  маҳаллаларида яшовчи аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш учун марказий сув иншоотини реконструкция қилиш ва қўшимча сув иншоотлари қуриш ҳамда 42,0 км. масофада сув тармоқлари қуриш, Ногаҳон, Қўнғирот, Полвонариқ, Қўлбости, Олмазор ва Сариқипчоқ  маҳаллаларига 20 км. ичимлик сув тормоғи тортиш лозимлиги айтилди.

Туманда жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида ўтказилган хатлов натижасида 257 та, шундан 21 та давлат объектлари бўш турганлиги аниқланган. Бугунги кунда туман ишчи гуруҳи томонидан 2018 йил 4 сентябрдаги Президент қарорига асосан, аввал хусусийлаштирилган ҳамда тадбиркорлар томонидан қурилган, ҳозирги вақтда бўш турган бинолар ва фойдаланилмаётган ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида белгиланган тартибда 185 та мулкдорларга огоҳлантириш хатлари берилган. Шундан 58 та мулкдор томонидан лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.

Йиғилишда туман ҳокими ўринбосарларининг ҳам ҳисоботи эшитилди.

Сессияда ўз соҳаси бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйган масъулларга огоҳлантириш берилди.

Икки ҳафта муддатда масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан аниқланган ва туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ечимига қаратилган чора-тадбирлар дастури (“Йўл харитаси”)ни тасдиқлаш ва маълумот учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этишга келишилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши ҳамда халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг қўшма қарори билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда тасдиқланиши белгилаб олинди.

***

Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг қарорига асосан халқ депутатлари Жомбой туман кенгаши йилнинг энг намунали кенгаши мақомига сазовор бўлди.

Йиғилишда ушбу сертификат халқ депутатлари туман кенгаши раисига топширилди.

 

  • 17-12-2018
  • | 110 |
  • № 47