www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мурожаатга юзаки қараган ҳокимлик, МИБ ва банк ходимларига интизомий чора кўрилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси туманимизда фаолият бошлаганига икки йилдан ошди. Хўш, ўтиб бораётган йил ушбу тизим учун қай даражада самарали бўлди? Шу мавзуда Жомбой туман Халқ қабулхонаси мудири Бўлтак    УСМОНОВ билан суҳбатлашдик.

– Президент Халқ қабулхонаси мутасаддиларнинг аҳоли билан бевосита мулоқот қилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ишончли ҳимоялаш мақсадида ташкил этилган, – дейди Б.Усмонов. – Ўтган икки йил давомида фуқароларни узоқ вақт қийнаб келган муаммолар аниқланди. Зарур ҳолларда вилоят ва республика миқёсида ҳал этишга эришилди. Демак, дунёда ўхшаши йўқ бўлган Халқ қабулхонаси тизими ўзини оқлаяпти, деб бемалол айтиш мумкин.

– Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда ҳам ушбу тузилманинг ўзига хос ўрни бор. Туман аҳолиси томонидан қилинаётган мурожаатлар мазмунига тўхталсангиз.

– Бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоиз. Халқимизда жамиятга дахлдорлик ҳисси ортиб боряпти. Биргина мисол, халқ қабулхонаси дастлаб ташкил топган кунларда асосан, шахсий, маиший масалалар юзасидан мурожаат қилувчилар кўп эди. Қуйи бўғинда ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларда дастлаб тегишли муассасага мурожаат қилмай, бизга келишарди. Аҳоли билан мунтазам учрашув, сайёр қабуллар ўтказилди. Тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Эндиликда  мурожаатлар маҳалла, қишлоқ, туман миқёсидаги мавзуларда жамоавий тус оляпти. Бу эса одамларимизда фуқаролик позицияси шаклланаётганидан дарак беради.

– Баъзан мурожаатим халқ қабулхонасида ҳам ижобий ечим топмади, мазмунидаги фикрлар қулоққа чалинади. Муассасага туман аҳолиси нечоғли ишонч билдиряпти? Умуман, ўтиб бораётган йилда халқ қабулхонаси қай даражада самарали фаолият юритди?

– Келинг, шу ўринда рақамларга мурожаат қиламиз. Жорий йилнинг шу давригача фуқаролардан 952 та мурожаат келиб тушди. Шундан 448 та ҳолатда тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга сўров юборилган бўлса, 504 таси бевосита Халқ қабулхонасининг ўзида ўрганилган. Муаммолар ечимига келсак, 765 та фуқаро мурожаати тўлиқ қаноатлантирилди. Савол туғилади, қолганлари-чи? Мурожаат қилиш жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқи. Аммо у асосли ёки асоссиз эканига ўрганиш давомида аниқлик киритилади. Олайлик, фуқаро қўшимча моддий ёрдам сўраб келди. Аслида у ижтимоий кўмакка муҳтож эмас. Шунчаки, дангасалик қилиб, мавжуд имкониятларидан унумли фойдаланмайди. Шундай ҳолларда мурожаат қилувчига зарур тавсия берилади. Моддий ёрдам ажратиш бўйича мурожаати эса рад этилиши мумкин.

– Тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга сўров юборилишини тилга олдингиз. Бундай ҳолларда ҳам мурожаатни ўрганиш Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олинадими?

– Албатта, мурожаат ҳар қандай босқичда Халқ қабулхонаси назоратида туради. Бунда сўров юборилган ташкилот белгиланган муддат ичида мурожаатни ўрганиб чиқиши ва натижасини бизга маълум қилиши шарт. Афсуски, баъзи ҳолларда мутасаддилар томонидан "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун талабларини бузиш ҳоллари учраб турибди. Шундай ҳолат кузатилганда уларга қонуний чора кўрилиши тайин. Хусусан, туман ҳокимлигининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўлими, миллий банк, мажбурий ижро бюроси мутасаддиларига шундай  интизомий жазо чоралари қўлланди. Бу каби қонунбузилишига чек қўйиш мақсадида туман прокуратурасига таклиф киритяпмиз.

Келгуси йилда янада самарали фаолият юритиш, аҳоли муаммоларини яқиндан ўрганиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси тузиляпти. Ўйлаймизки, 2019 йил мамлакатимиз тарихида халқ фаровонлигини оширишнинг алоҳида босқичи сифатида муҳим давр бўлади.

"Жомбой тонги" мухбири

 Орифжон ОДИЛОВ суҳбатлашди.

  • 23-12-2018
  • | 84 |
  • № 47