www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Украина сайлов бўсағасида

Украинада сайловолди мавсуми қизғин паллага кирди. Сайлов 31 мартда ўтказилади. Ҳозирча бир неча номзодлар марказий сайлов комиссияси рўйхатидан ўтди. Бироқ, уларнинг ҳаммаси ҳам сайловда муҳим роль ўйнамайди. Асосий даъвогарлар кўп эмас.

Юлия Тимошенко ҳозирча пешқадам

Рейтинг натижаларига кўра, Украинада сайловнинг иккинчи тури ҳам ўтказилади. Финалда Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенконинг номзоди ҳам бўлиши кутилмоқда. Ҳозиргача сайловчиларнинг 20 фоизи унинг номзоди учун овоз беришга тайёр.

– Нимадир бўлиши аниқ, – дейди Киевдаги сиёсий тадқиқотчилар маркази директори Михаил Погребинский. – Ким унинг рақиби бўлиш масаласи ҳамма учун ҳалигача очиқ қоляпти. 8-14 фоиз сайловчиларнинг хайрихоҳлиги бир неча номзодлар курашида маълум бўлади.

Ю.Тимошенко конституцияга ўзгартиришлар киритиш, хавфсизлик ва иқтисодий сиёсатда фаол баҳслар олиб бормоқда. Бироқ, унинг дастуридаги баъзи масалалар амалдаги президент Порошенко дунёқарашини акс эттиради. Аниқроғи, бу икки сиёсатчи ҳам бир электоратнинг диққат-эътиборини ўзига қаратмоқчи.

– Шуни таъкидламоқчи эдимки, Тимошенко Порошенкодан фарқли ўлароқ, Россия ҳақида фикр юритганда, эҳтиёткорлик қилмоқда. Шунга қарамасдан, у америкачасига, Россияга қарши дунёқарашини намойиш этяпти, – дейди "АиФ"нинг 2019 йил 5-сонида М.Погребинский. – Тимошенконинг муваффақияти шундаки, у ҳозир ҳокимият бошқарувида эмас ва Порошенконинг барча камчиликларини рўй-рост очиб ташлаб, ўзининг фойдасига ҳал қила олади.

Бироқ Ю.Тимошенкога қарши бош­қа факт бор. Унга қарши рейтинг натижаси юқорилигича қолмоқда – 28.9 фоиз. Фақат сайловнинг иккинчи турида бошқа номзод билан рўбарў келса, рақибининг қарши рейтинг натижаси паст бўлса, у ютқазади.

Порошенкони тажовузкорлик, босқинчилик қутқаради

"Рейтинг" социологик гуруҳи Петр Порошенконинг сайловдаги имкониятини 11 фоизга баҳолади. Бошқа социологик гуруҳлар бу фактни 8 фоизга тенглаштирмоқда. Бу ўтган йилнинг ёз ойидаги кўрсаткичга қараганда юқори. Бунинг асосий сабаби сифатида Россия ва Керч бўғозидаги тўқнашувни мисол келтириш мумкин.

– Порошенко қайта президентликка сайланиши мумкин. Бунинг учун ички душманни йўқ қилиб, тарғибот майдонида самарадорликка эришиши лозим, – дейди Россия давлат гуманитар университети доценти, халқаро ишлар бўйича кенгаш эксперти Александр Гушин. – "Армия, тил, ишонч" учлиги кўпларни четлаб ўтади, мамлакатнинг ғарб-шарқ қисмида яшовчи аҳолини жумладан. Айниқса, социал-иқтисодий аҳвол миллатлараро зиддиятларни кучайтираётган кучларга бу вазият қўл келади.

Сайловнинг иккинчи турига Порошенко номзодининг ўтиши бошқа номзодларнинг ўтишига ҳам боғлиқ. Натижада овозлар бўлиниб кетади. Маъмурий ресурслар ёрдамида бу омил қўл келиши мумкин. Амалдаги президент бугунги кунда рейтинг натижаларига кўра 4-5 ўринларни эгаллаб турибди.

"Биз КВН бошлаймиз"

"95-квартал" КВН жамоаси собиқ сардори Владимир Зеленский ўз вақтида Украина президентига бағишланган "халқ хизмакори" фильмида Порошенко ролини ижро этган эди. Томошабинларга бу роли маъқул келган. Сиёсий технологлар бу ғояни ривожлантириб, ажойиб ташаббусни олға суришмоқда. Янги 2019 йил бошланишидан бир неча дақиқа олдин Зеленский олигарх Игорь Коломойский телеканалидан сўзга чиқиб, президентлик сайловида ўз номзодини қўйишини маълум қилди. Шунинг учун президент Порошенконинг украин халқига қилган янги йил табригини қуйига сурдилар.

Зеленский рейтинг бўйича иккинчи ўринда. Айтишларича, у Порошенконинг иккинчи тур сайловларига ўтишига тиш-тирноғи билан қарши. Зеленскийнинг таъкидлашича, унинг жамоаси ҳам, сайловолди дастури ҳам йўқ.

Сиёсий эксперт Дмитрий Корнейчукнинг таъкидлашича, Зеленский амалда Порошенконинг ёнини олиб, "ўйин" қиляпти. Қизиқчи Зеленскийнинг сайловда номзоди қўйилиши президент админстрацияси "ўйин"ларидан бири.

Зеленский мамлакатнинг ғарб-шарқ ҳудуди уни қўллаб-қувватлашига ишонади. У "ҳаммага қарши" ғоясини олға суриб, Тимошенко, Бойко каби номзодлардан ўз ҳақини тортиб олиб, Порошенконинг иккинчи турга ўтишига ўз "ҳисса"сини қўшмоқчи. Бу сиёсий КВН ўйини қандай натижа беради, вақт кўрсатади.

Fарб ва шарқ қисмларга бўлинади

Жанубий-шарқий ҳудуддан ўз номзодини қўйган, ҳалигача "майдон"да қўлга киритилган ғалабани тан олмаётган Юрий Бойко "Қарама-қарши блок" лидери ҳисобланади. Бу блок раҳбарини Россияга хайрихоҳ номзод, дейишади. Ҳозиргача у рейтингда учинчи ўринни эгаллаб турибди. Унинг иккинчи турга чиқиши юқори. Бироқ, "ўзининг депутатлари" – Евгений Мураев, Александр Вилкуллар ҳам ўз номзодларини кўрсатяпти. Улар сайловда овозларнинг умумий 25 фоизигача миқдорини қўлга киритишлари мумкин. Улар келишиб, баҳсни тўхтатиб, ўз овозларини Бойко фойдасига беришса, масала ижобий ҳал қилинади. Акс ҳолда Бойко иккинчи турга чиқолмайди. Натижада Порошенкога кенг йўл очилади.

Бойко сайловнинг иккинчи турига чиқиши кўп фактларга боғлиқ. Биринчи навбатда уни олигархлар, хусусан Ринат Ахмедов қўллаб-қувватлайдими ёки йўқ?! Агар олигархлар билан келишув шартномаси тузилса, мартнинг ўрталаригача 90 фоиз овоз олишга ишонч қилинса, Бойко номзоди ўтади.

Шунингдек, Донецк вилояти аҳолисига ҳам сайловда қатнашиш ҳуқуқи берилди. Улар ўзлари истаган сайлов участкаларида аввал рўйхатдан ўтиб, ўз овозларини берадилар.

Мамлакатнинг ғарбий қисмида оғир вазият юзага келган. "Фуқаролик позицияси" партияси раҳбари Анатолий Гриценко сайловолди курашида самарали ишлаяпти. Рейтингда тўртинчи ўринда. Шунингдек, бу сайлов курашида Львов шаҳри мэри Садовый ва СБУ экс бошлиғи Наливайченко номзоди қўйилган. Евромайдон ташкилотчиларидан бири Мустафа Найем бу уч номзодни ҳамкорликка чақирмоқда. Учала номзод келишиб, бир номзодни танлашлари талаб этилади.

Мулоқотга ким тайёр?

Кутилмаганда Украина компартияси майдонга чиқди ва президентлик сайловига ўз номзоди – Петр Симоненкони кўрсатди. Кўпчилик учун бу кутилмаган ҳол бўлди. Чунки Украина компартияси қонун бўйича тақиқланган дейишарди. Бироқ, Адлия вазирлиги партияни ҳали рўйхатдан чиқармаган экан.

Украинадаги "Фаворит спорт" букмекерлик идораси президентликка номзодларнинг фаолиятини ўрганиб бормоқда. Уларнинг фикрича, бугунги кунда Тимошенко олдинда бормоқда. Иккинчи ўринда Зеленский, учинчи ўринда Порошенко. Украиналик сайловчиларнинг кўп қисми ҳали аниқ хулосага келгани йўқ. Ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, асосий номзодлар орасида ҳеч бири келгусида Россия билан алоқаларни мустаҳкамлаш фикрини билдирмаяпти. "Сайловда ким ғолиб келишидан қатъий назар аҳвол ўзгармайди. Украинанинг АҚШга қарамлиги сақланиб қолади", – дейди эксперт Александр Гушен.

"Сайловлар умуман Украинада эмас, АҚШда ўтказилади, у ерда президент номзоди тасдиқланган, – дейди исроиллик сиёсий эксперт Яков Кедми. – Аниқроғи, Порошенко сайлов ўтгач, қамоққа олинади. АҚШ ўзига содиқ президентни танлади – бу Юлия Тимошенко".

Сиёсий таҳлилчи Руслан Бортникнинг таъкидлашича, амалдаги президент Порошенко командасида ҳали сайлов натижаларини бекор қилиш режаси сақланмоқда. Маълумки, Россия Федерациясида меҳнат қилган украиналикларда сайловда овоз бериш ҳуқуқи тақиқланган. Агар 31 мартдаги сайловда Порошенко ютқазса, унинг штаби сайловни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Назоратидаги суд уни қўллаб-қувватлайди. Бу бекорга қабул қилинмаган. Украинадаги сайловларда ҳали ҳеч ким кутмаган натижалар бўлиши мумкин. Буни вақт кўрсатади.

Шокиржон ШЕРАЛИЕВ тайёрлади.

  • 19-03-2019
  • | 114 |
  • № 10