www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

КАШМИРДА НИМА ГАП?

Ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар 1947 йилдан буён маълум узилишлар билан давом этмоқда. Можаро асосини Ҳиндистон, Покистон ва қисман Хитой баҳси ташкил этади.

Бир неча аср давом этган мустамлака сиёсатидан сўнг Буюк Британия ҳукумати Ҳиндистондан воз кечишга мажбур бўлди. Аммо қироллик сўнгги қилмишини содир этди. Мамлакат иккига бўлинди. Натижада дунё харитасида икки давлат – Ҳиндистон ва Покистон пайдо бўлди.

Давлатларнинг бўлиниши диний эътиқодлар асосида амалга оширилди. Мусулмонлар Покистонда, ҳиндуийлар Ҳиндистонда яшайдиган бўлди. Бу аҳоли орасида катта низо келтириб чиқарди. Минглаб қочоқлар оқими юзага келди. Маълумотларга кўра, олти миллион беш юз мингга яқин мусулмон Покистонга, тўрт миллион етти юз минг ҳинд ва сингҳ Ҳиндистонга кўчиб ўтди. Жараёнда ярим миллион одам ҳалок бўлди.

Ҳудудлар ўртасидаги тўқнашувларда ҳам талофат кўп бўлди. Айниқса, Жамму ва Кашмир князликлари ўртасида жанглар кескин тус олди. Кашмир водийсининг асосий аҳолиси мусулмонлар. Ҳар икки ҳудуд бошқарувчиси Махараджа Хари Сингх эса асли ҳиндуий эди. У аҳоли билан келишувчан сиёсат юритиш ўрнига Ҳиндистонга ён босди. Натижада, 1947 йилда биринчи Ҳинд-Покистон уруши бошланди.

Уруш якунига кўра, Кашмир тенг иккига бўлинди. Аммо ҳал этилмаган масалалар кўп эди. Кейинчалик бу 1965 ва 1971 йилларда янги уруш ҳаракатларини юзага келтирди.

1971 йилнинг 17 декабрида Ҳиндис­тон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар ниҳоят тўхтатилди, шартнома имзоланди. 1972 йилнинг июлида ҳудудда назорат линиясини татбиқ этиш ҳақидаги шартномага имзо чекилди. Шундай қилиб, Жамму ва Кашмир князликларининг 60 фоиз қисми Ҳиндистонга, Озод Кашмир ва Шимолий ҳудуднинг 30 фоизи Покистонга тегди. Бу орада Хитой ҳам орага суқилди. Наилож, унга ҳам Кашмирнинг 10 фоизи ажратиб бериладиган бўлди.

Аммо чегара ҳақидаги шартномалар расмийлаштирилмай қолаверди. Таранглик, зўравонлик ҳолатлари сақланиб қолишига шунинг ўзи кифоя.

Афсуски, 80-йилларнинг охирида Кашмирда террорчилик ҳаракати фаоллашди. "Кашмирни Ҳиндистон бос­қинчилигидан озод этамиз!" шиори остидаги диний айирмачилик ҳаракатлари бошланди. Бу эса 1999 йилга келиб Ҳиндистон-Покистон чегарасида қуролли можаро келтириб чиқарди. Қирғин уруши, деб ном олган бу хунрезлик юз минглаб оиланинг ёстиғини қуритди. 2002 йилнинг май ойида ҳудуд яна уруш бўсағасига келиб қолди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгаши Кашмир масаласи билан 1948 йил январдан буён шуғулланмоқда. Ўша даврда БМТнинг махсус комиссияси тузилган ва 1950 йилгача фаолият юритган. Кенгаш ҳар қандай ҳарбий кучларни Кашмирдан олиб чиқиш ҳақида қарор чиқарди. Шунингдек, бу можароли ҳудудни қайсидир томонга тўлиқ бериш ҳақида фикр билдирди.

1949 йилда водийга ҳарбий назоратчилар гуруҳи юборилди. Улар 48 йилдан буён уруш ўчоқларини бартараф этиш билан шуғулланмоқда. Фаолияти доимий.

Бу каби муаммоли ҳудудлар дунёда кўп. Аммо буниси ўхшаши йўқ.

Биринчидан, ҳар икки мамлакат ядро қуролига эга.

Иккинчидан, баҳона тайёр – диний таассуб.

Учинчидан, можаро дунёнинг энг қайноқ ҳудудида рўй бермоқда. Бесаранжом Афғонистон ва беҳаловат Хитой ёнма-ён. Афғон қабилалари ва Хитой ҳукумати турли баҳоналар билан аралашиб туради.

Бугунги Кашмир Жамму ва Кашмир штатларига бўлинган. Майдони 101 минг квадрат километр, аҳолиси 10,1 миллион киши. Ўзини ўзи мустақил, деб эълон қилган, аммо ҳеч қайси давлат тан олмаган "Озод кашмир давлати" эса 13 минг квадрат километрни эгаллайди. Аҳолиси, 3,6 миллион киши. Шимолий ҳудуд Гилгит-Балтистоннинг майдони 73 минг квадрат километр, аҳолиси 1 миллион киши. Бу орада бир неча минг киши яшайдиган 38 минг квадрат километрлик  Хитойга қарам ҳудуд ҳам бор.

Ҳиндистон ва Покистон салмоғи, кучи, оғирлиги жиҳатдан турли тоифадаги ўйинчиларга ўхшайди. Ҳиндис­тон майдони бўйича энг йирик давлатлардан бўлса, аҳоли сони ҳам кўп – 1,3 миллиард киши. Покистонда эса 208 миллион аҳоли яшайди.

Яна бир жиҳат иқтисодиёт билан боғлиқ. Ҳиндистонда йиллик ялпи ички маҳсулот 2,6 триллион долларга тенг. Покистоннинг бу борадаги кўрсаткичи бор-йўғи 305 миллиард долларни ташкил қилади.

Бу кўрсаткичлар ҳарбий салоҳиятга таъсир кўрсатиши табиий. Ҳиндис­тон қуролли кучларида 4,2 миллион ҳарбий бор. Покистонликларда бу рақам беш баробар кам.

Аммо Покистонда Ҳиндистондан ўттизта кўп ядро реактори мавжуд. Қолаверса, Покистоннинг ортида Хитой турибди. Шу ўринда бир савол туғилиши табиий. Масалага Хитой нима учун аралашаверади? Чунки у Ҳиндис­тонни ўзининг оғир рақобатчиси, деб ҳисоблайди.

Жорий йилнинг 26 февралида Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучларига тегишли 12 та жанговар самолёт Кашмирнинг Покистон томонидан назорат қилинувчи ҳудудига бостириб кирди. Ҳиндистон томонининг таъкидлашича, бу жангарилар ҳужумига қарши зарба эди. Натижа ҳам айтилди: 350 нафар жангари йўқ қилинганмиш. Ўша куни Покистон сукут сақлади. Ҳинд самолётлари базага талофатсиз қайтди. Аммо 27 февралда ҳар икки томондан жанговар ҳаракат бошланди. Саккизта ҳинд, 24 та Покистон авиацияси жалб этилди.

Ҳиндистоннинг МиГ-16 самолёти уриб туширилди. Учувчи ўзини сақлаб қолди, аммо асирга тушди. Покис­тон нисбатан бағрикенг сиёсат юритаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳарбий асир Абхинандан Вартхаман 1 март куни Ҳиндистон расмий вакилларига топширилди. Ва таъкидландики, бу тинчлик учун Покистон ташлаган қадам! Ҳиндлар эса нисбатан такаббурлик қилаётир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кун тартибидан Кашмир масаласи тушгани йўқ. Кейинги 72 йил ичида уч марта йирик уруш юз берди. Натижада, Покистон шарқида Бангладеш давлати таркиб топди. Томонлар анча майда масалаларга ҳам баҳслашаверади.

Шу йилнинг апрел-май ойларида Ҳиндистонда оммавий сайловлар ўтиши кутиляпти. Кўпчилик мазкур сайлов натижасидан умид қилмоқда.

Шокиржон ШЕРАЛИЕВ,

«Жомбой тонги»нинг сиёсий шарҳловчиси.

  • 20-03-2019
  • | 23 |
  • № 11