www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Лойиҳа нега ўзгартирилди?

Хабарингиз бор, вилоят телерадиокомпанияси орқали эфирга узатиладиган “Очиқ мулоқот” кўрсатувининг набатдаги сонида туман ҳокими У.Назаров, сектор раҳбарлари ва мутасаддилар қатнашди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахслардан мутасаддиларга 946 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисмини тадбиркорлик ва уй-жой ажратиш билан боғлиқ масалалар ташкил этади. Ҳоким ушбу мурожаатлар аксар ҳолларда ижобий ҳал этилаётгани, фақат қонун доирасидан ташқаридаги сўровлар рад этилишини билдирди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа, хусусан, таълим тизимини ривожлантириш мақсадида янгича ёндашув ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Унга кўра, мавжуд 56 та умумтаълим мактабларига бой тажрибага эга бўлган ва айни пайтда пенсиядаги 305 нафар фахрий ўқитувчилар жалб этилиб, ноанъанавий дарслар ташкил этилади. Апрель ойининг сўнгги ўн кунлигидан бошлаб халқ шоирлари, ёзувчилар, таниқли киноижодкорлар иштирокида учрашувлар ўтказилади.

“Очиқ мулоқот” давомида 65 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг асосий қисмини йўл қурилиши, тадбиркорлик, кредит, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш, газ, электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ташкил этди.

Айниқса, ички йўлларни таъмирлаш бўйича ўндан ортиқ мурожаат бўлди. Хусусан, Тошкент, Самарқанд, Ўзбекистон, Зебунисо кўчаларининг бир неча йиллардан бери таъмирталаб экани қайд этилди.

Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Ҳ.Ҳамроевнинг таъкидлашича, ушбу кўчаларни таъмирлаш 2019 йил манзилли дастурига киритилган. Ҳокимлик, ободонлаштириш корхонаси ва молия бўлими томонидан тасдиқланган. Аммо вилоят минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат унитар корхонаси лойиҳага ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритган. Натижада, таъмирлашга биринчи навбатда муҳтож кўчалар дастурдан тушиб қолган.

Туман ҳокими У.Назаров қайд этилган ички йўлларни мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда жорий таъмирланишини айтди.

Кўрсатув давомида ўқилмай қолган мурожаатлар ҳам мутасаддилар назоратига олинди.

Орифжон ОДИЛОВ,

“Жомбой тонги” мухбири.

  • 13-04-2019
  • | 6 |
  • № 13