www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Кимлар маҳалла оқсоқолини сайлашда иштирок этиши мумкин?

Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайловига оз фурсат қолди. Шу йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган сиёсий жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сайлов қонунчилигига қатор ўзгариш ва янгиликлар киритилгани айтиляпти.

Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси Облоқул Холжигитовга кўпчиликни қизиқтираётган саволлар билан мурожаат қилдик.

– Аввало, сайлов учун қандай ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида тўхталсангиз.

 – Хабарингиз бор, дастлабки босқичда аҳоли хатловдан ўтказиб олинди. Туманимиздаги 38 та маҳаллада сайлов ўтказиш белгиланган. Дастлаб, фуқаролар тегишли вакилга ишонч билдиради. Маҳалла оқсоқолига ана шу вакиллар овоз беради.

Ҳар бир маҳалланинг ўзида сайловни ўтказиш ва ташкил этувчи ишчи гуруҳ тасдиқлаб олинди. Уларнинг умумий сони 11 нафардан ошмайди. Номзодларнинг сони аниқ. Уч нафардан иборат бўлади. Аҳоли тавсия этаётган номзодлар деярли аниқ бўлиб қолди. Улар туман ҳокими томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақдаги тўлиқ маълумот сайловдан камида беш кун олдин МФЙ биноси ва гузарларга илиб қўйилади. Сайловни ўтказиш куни, вақти ва жойи маълум қилинади.

– Бу йилги сайлов қай тартибда ўтади? Қонунчиликка киритилган асосий ўзгариш ва янгиликлар нималардан иборат?

– Шу пайтга қадар, маҳалла оқсоқоли икки ярим йилга сайланар эди. Янги тартиб бўйича, унинг фаолияти бир йилга узайтирилди. Навбатдаги сайловдар уч ярим йилдан сўнг ўтказилади. Сайловчилар сонида ҳам қатъий ўзгаришлар бор. Илгари қирқ-эллик киши номидан бир нафар сайловчи очиқ овоз бериши мумкин эди. Эндиликда, ҳудудда яшовчиларнинг 12 фоизи қатнашса, сайлов ўтган ҳисобланади.

Мисол учун, аҳолиси 3000 га яқин маҳалладан 360 нафар вакил яширин овоз беради. Ёпиқ овоз бериш шакли ҳам бу йилги сайловнинг асосий янгилиги. Сайлов ўтадиган бинолар овоз бериш кабиналари, қутилар ва керакли анжомлар билан таъминланяпти.

 – Номзодларга қандай талаблар қўйилган?

 – Сайловга қадар тегишли ҳудудда беш йилдан буён яшаб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси маҳалла раисилигига номзод бўла олади. Улардан олий маълумот ҳам талаб этиляпти.

Асосийси, тавсия этилган номзод ташкилотчилик қобилятига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган бўлиши зарур. Қолаверса, ҳудуд аҳолисининг сонига қараб унга маълум талаблар қўйилади. Дейлик, 1000-2000 нафаргача аҳоли яшайдиган маҳалла билан 6000-8000 фуқаро истиқомат қилаётган жойнинг талаби ҳар хил. Номзодларни саралаб олишда бу жуда муҳим. “Оила­ – маҳалла – таълим – муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, оилалар тинчлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш оқсоқолнинг асосий бурчи. Номзодларни танлаб олишда шу жиҳатлар ҳам ҳисобга олинган.

Шерзод ИСОҚУЛОВ суҳбатлашди.

  • 13-04-2019
  • | 6 |
  • № 14