www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Украина қандай келажакка овоз берди?

21 апрелда Украинада бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида амалдаги президент Пётр Порошенко ва номзод Владимир Зеленский ўртасида кураш кетди. Сайловда В.Зеленский сайловчиларнинг 73,2 фоиз, П.Порошенко 24,5 фоиз овозига эга бўлди.

Кривой Рог шаҳрида туғилган Владимир Зеленский 41 ёшда. Онаси – муҳандис, отаси программист, техника фанлари доктори. Ёшлигида Зеленский юнон-рум курашидан тортиб, фортепиано чалиш тўгаракларида фаол қатнашди. У Криворожск иқтисодиёт институтининг ҳуқуқшунослик факультетини тугатган.

Зеленскийнинг даромади қанча?

Ўқувчилик йилларидаёқ Зеленский КВН жамоасини тузган. Мактабни тугатиб, “95-квартал” КВН жамоасини мустаҳкамлаб, телестудия ташкил этди. Кинофильм ва сериаллар олди. Украинада энг машҳур бўлган телеканалга раҳбарлик қилди. Унинг бизнеси Украинада ҳам, Россияда ҳам машҳур бўлган. Турмуш ўртоғи Елена Кияшко билан икки фарзандни тарбия қилишмоқда. Елена “Квартал” учун сценарийлар ёзиб беради.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Зеленский 2017 йилда 7,3 миллион грн (268 минг доллар), турмуш ўртоғи 800 минг грн (29 минг доллар) маблағ топган. “Квартал” жамоасининг 25 фоиз акциялари Елена Зеленскийга тегишли. У балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланади.

Зеленскийлар оиласининг 353,5 кв.метрли уйи, Киев вилоятида 1200 кв.метр ҳовлиси бор. Киев шаҳрида учта, Буюк Британияда иккита уйи, Ялтада кўчмас мулки мавжуд.

Зеленскийга журналистлар ёрдам беради

Зеленскийнинг президентлик даврида Россия ва Украина муносабатлари қандай бўлади? Бу савол барчани қизиқтирмоқда.

Зеленский биринчи матбуот конференциясида бу ҳақда шундай деди: Минск аҳдномаси талабларини бажариш давом этади. Уруш оловини Донбасда ўчириш учун бутун куч ва имкониятларни ишга соламиз. Жангчи йигитларимизни тирик қайтариш чораларини кўрамиз. Шунингдек, бизнинг биринчи вазифамиз ҳарбийларни, ҳарбий асирларни, денгизчиларни Ватанга қайтариш бўлади. Барча журналист ва блогерларни биз ёрдамга чақирамиз. Бизга уларнинг ёрдами керак.

Менинг учун – Львов, Днеир, Полтава ёки Кривой Рогда яшовчиларнинг барчаси украиналиклар саналади. Менга Украин тилининг софлиги муқаддасдир. Шунинг учун бутун куч, имкониятимни ишга соламан.

Бугунги кунда Украинанинг Ғарбдан ташқи қарзи 85 миллион долларни ташкил этади. Ҳар бир масалада Киев Вашингтон билан маслаҳатлашишга мажбур. Мамлакатнинг озодлиги, мустақиллиги бу масалаларга қаратилиши талаб этилади.

Мухолифат Зеленскийнинг ҳар бир қарорига қарши бўлиши аниқ. П.Порошенко ўзининг Рададаги ва ҳукуматдаги тарафдорлари билан ҳали Зеленский фаолиятига кўп қаршилик ҳаракатини амалга оширадилар.

Маълумки, Украина президенти якка ўзи қонун қабул қила олмайди. Вазирларни тайинлаш унинг ваколатида эмас. Агар Зеленский ва унинг “Слуга народа” партияси ҳукуматда ва Радада коалиция тузмаса, кузда бўладиган парламент сайловлари олдидан аҳволлари оғирлашиб қолади. Натижада мамлакатни бошқариш фаолиятида қийинчиликларга учрайди.

Хуллас, Украинада ғоят шов-шув бўлган президент сайловлари ўтказилди. Янги президентнинг фаолиятига унинг сўзига қараб эмас, амалга оширадиган ишларига қараб баҳо берилади.

Шокиржон ШЕРАЛИЕВ,

“Жомбой тонги”нинг сиёсий шарҳловчиси.

  • 25-04-2019
  • | 59 |
  • № 15