www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Халқ маслаҳатчилари ким ва нега сайланади?

Республикамиз бўйлаб маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлови янгича услуб, демократик тамойиллар асосида ўтяпти. Йил якунида эса Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига вакиллар сайлаймиз. Ҳақиқатан ҳам ўтиб бораётган йил мамлакатимиз учун сайловлар мавсуми сифатида тарихда қолмоқда.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида жиноят ишлари судининг халқ маслаҳатчилари сайлови ўтиши ҳам белгиланган эди. Шу муносабат билан жойларда тарғибот-тушунтириш ишлари, давра суҳбатлари ўтказилди.

Хўш, халқ маслаҳатчиси ким ва у қай тартибда сайланади?

Улар жамиятнинг турли тармоқларида самарали меҳнат қилиб, хулқи ва маданияти билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган шахслар орасидан сайланади. Ўта оғир жиноят ишларини кўришда иштирок этиб, тизимда одиллик, шаффофлик, холислик принциплари таъминланишига кўмак беришади.

Маҳаллий ҳокимлик, фуқаролар ўзини ўзи бош­қариш органлари, хотин-қизлар қўмитаси, меҳнат фахрийлари жамоаси ҳамда фаоллар ушбу вазифага номзод кўрсатиш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Номзодлар яшаш ёки иш жойидаги йиғилишларда очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йилга сайланади.

Шу кунларда жиноят ишлари бўйича туман судида ҳам ушбу сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Сайловни юқори савияда ўтказиш эса кенг жамоатчиликнинг уюшқоқлигига боғлиқ.

Орифжон ОДИЛОВ.

  • 21-05-2019
  • | 35 |
  • № 17