www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

ЖУРНАЛИСТ ДАДИЛЛИГИ ЖАМИЯТ РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Вилоятимиздаги туман-шаҳар газеталари ҳолатини ўрганиш, муаммоларини бартараф этиш, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, янгиликлардан журналистларни ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида ҳудудларда пресс-тур ўтказилиши белгиланди. Шундай тадбирларнинг дастлабкиси Жомбой туманида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, матбуот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Жомбой туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтган тадбирда туманнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, янги ташкил этилган йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти ўрганилди.

Пресс-турда вилоятдаги газета муҳаррирлари, ТВ, радио, интернет сайтларида фаолият юритаётган журналистлар ҳамда республика нашрларининг вилоятимиздаги мухбирлари қатнашди.

Иштирокчилар дастлаб «Керамик брикс» қўшма корхонасига ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Испания қўшма дастури билан ташкил этилган заводда керамик ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу ерда иштирокчилар оддий тупроқнинг тайёр пишиқ ғишт ҳолатига келишигача бўлган жараён билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Ушбу корхона ўрнида кўп йиллар аввал ғишт ишлаб чиқариш цехи бўлган. Кейинчалик, инқирозга учраган, узоқ вақт фаолият юритмаган. Ўрта ва йирик бизнес субъектлари давлат томонидан рағбатлантирила бошлангач, ҳудудда ғишт заводи фаолияти қайта ташкил этилди. Айни вақтда мажмуа тўлиқ ишга туширилиб, тайёр маҳсулотлар экспортга ҳозирланмоқда.

Навбатдаги манзил Қўнғирот маҳалласида бунёд этилган интенсив боғ бўлди. 2000 гектардан ортиқ майдонда ташкил этилган боғдорчилик комплексида  мева-сабзавотларнинг юздан ортиқ тури етиштирилмоқда.

– Ғўбдин этакларида яратилган бу боғ услуб ва ҳажм жиҳатдан Осиёда тенгсиз, – дейди «Мароқанд мева-сабзавот» МЧЖ директори Меҳрож Файзилов. – Жомбойнинг ўзига хос табиати, минг йиллар давомида шаклланган соҳибкорлик анъаналари соҳа ривожини таъминлаяпти. Етиштирилган маҳсулотнинг асосий қисми экспорт қилиняпти. Аммо тез орада уруғидан то қайта ишлашгача бўлган жараён шу ернинг ўзида комплекс тус олади.

Шунингдек, журналистлар Катта қишлоқ маҳалласидаги «ИН-Витро» лабораториясига ҳам ташриф буюрди. Мутлақо янги тармоқ бўлган ўсимлик кўчатларини клонлаштириш ва шу йўл билан кўпайтириш жараёни кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Пресс-тур куннинг иккинчи ярмида «Зарафшон» миллий-табиат бўғида давом этди.

Журналистлар учун табиат қўйнида эко-туристик саёҳат уюштирилди.

Тадбир доирасида таниқли карикатурачи-рассом Ҳасан Султонов ҳамда истеъдодли фотомухбир Соҳиб Сайфуллаевнинг ижодий кўргазмаси ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Фармон Тошев, “Муштум” журнали бош муҳаррири Носиржон Тошматов кўргазма ҳақида фикр юритар экан, сўнгги пайтларда карикатура жанри нашрларимизда йўқолиб бораётгани, аммо жамиятдаги иллатларни очиб беришда бу жанрнинг аҳамияти ҳақида гапирди. Профессионалларча олинган расм – газетанинг жон томири эканлиги айтилди.

"Жомбой тонги" газетасининг тарихи ва бугуни акс этган тарихий экспонатлар ҳам кўргазмадан жой олди.

Шундан сўнг Жомбой тумани ҳокими Умиджон Назаров билан матбуот анжумани ўтказилди. Ҳоким туманда амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳақида гапирар экан, бу янгиликларни халқимизга ўз вақтида етказиш, мамлакатдаги ислоҳотларни тарғиб қилишда журналистларнинг хизмати, жонбозлигини эътироф этди.

– Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, журналист жамиятдаги салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқадиган, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантирадиган соҳа эгасидир, – деди У.Назаров. – Бугунги “ўтиш даври”да, ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган вазиятда дарҳақиқат журналистнинг дадиллиги ниҳоятда муҳим. Бу билан нима демоқчиман? Биз, турли даражадаги раҳбарлар, соҳа масъулларининг фаолияти, ютуқлари баробарида камчиликларини сиз, журналистлар холислик билан ёритиб борсангиз, жамиятда шаффофлик таъминланади, ривожланиш бўлади. Шундай экан, танқиддан қочмаймиз, ютуғимиздан ҳам “кўтарилиб” кетмаймиз, марҳамат, ёзинг. Сизлар билан яқин ҳамкорлик қилишга доим тайёрмиз.

Пресс-тур якунида вилоятда ижод қилаётган профессионал журналистлар, соҳа фахрийларининг бир гуруҳи ташликотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Орифжон ОДИЛОВ,

“Жомбой тонги” мухбири.

  • 16-06-2019
  • | 121 |
  • № 20