www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Адлия бошлиғи Жомбойда сайёр қабул ўтказди

Туман халқ қабулхонасида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев сайёр қабул ўтказди.

Пилла мавсумини якунлаш айни куннинг муҳим юмушларидан ҳисобланади. Буни қабулга келиб тушаётган мурожаатлар мазмунидан ҳам англаш қийин эмас. Дейлик, Бешбола маҳалласидан келган Зуҳра Нажмиддинова бу йил биринчи марта пилла парваришлабди. Хоҳиш бўлса, ишнинг оз-кўпи билинмайди. У биринчи йилиёқ режани ортиғи билан бажарди. Пиллакорнинг меҳнати қадрланади, юқори ҳақ тўланади, дейишгани учун астойдил меҳнат қилди. 50 килограмм ўрнига 79 килограмм пилла топширди. Иш ҳисоб-китобга келганида эса раҳбарнинг эшигидан қуруқ қайтаверди. Сайёр қабулда пиллакорнинг ҳақ-ҳуқуқи тикланди.

– "Эл қатори бўнак пули олгансиз. Шунга шукур қилинг", деган гаплардан чарчадим, – дейди З.Нажмиддинова. – Ахир ваъда бошқача эди-ку. Шунга ишониб, меҳнат қилдик. Адлия ходимларига раҳмат. Мурожаатимни жойида, қонуний ҳал қилиб беришди. Айтилган иш ҳақини тўлиғича олдим.

Аҳмаджон Қурбонов маҳалласига қарашли Ибн Сино кўчасини таъмирлаш охирига етказилмаган. Тупроғи олинган қисмида ҳосил бўлган чуқурлик мактаб ўқувчилари ҳаётига хавф солмоқда. Қолаверса, саноат ҳудудининг чиқиндиси ҳам шу ерга тўкиляпти. Бир гуруҳ фуқароларнинг бу арзи эътиборсиз қолмади. Адлия бошқармасининг мутахассислари мурожаатни жойида ўрганиб, ҳал этадиган бўлишди.

Банкдан кредит олиш, алимент тўлови, ишсизлик, нафақа тайинлаш бўйича келиб тушган мурожаатларнинг ижроси юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.

Шерзод ИСОҚУЛОВ.

  • 20-06-2019
  • | 111 |
  • № 20