www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Сайёр қабулда раҳбар қатнашиши шарт

Тадбиркор Ю.Хидиров Хитой қишлоғидан оилавий боғча очганди. 12 нафар болани қабул қилди. Аммо кредит, жиҳоз ажратиш, методик ёрдам олиш бўйича МТБга қилган мурожаати эътиборсиз қолган.

Туман солиқ инспекцияси бошлиғининг Сўхмон маҳалласида ўтказган сайёр қабулида шундай мурожаат келиб тушди.

- Маҳалладаги давлат боғчаси бизга узоқлик қилади, - дейди С.Маматқулов. - Қишлоғимиздан бир киши тадбиркорлик бошлаб, оилавий боғча очганди. Энди ҳамма гап МТБда қоляпти. Кўмак сўраб борсак "Эртага келинг, шошмай туринг" дейишяпти. Ахир боғча очилгани билан жиҳозланмаган. Бир хонаси таъмирталаб. Болага нимани, қандай ўқитиш керак? Буни ким тушунтириб беради? Хуллас, мутасаддиларнинг ташрифи, маслаҳати, амалий-услубий ёрдамига муҳтожмиз. Сайёр қабулда улар билан яна учрашдик. Боғчага бориб, ҳақиқий аҳвол билан танишадиган бўлишди.

Сўхмон маҳалласининг янги биносини кадастр қилишда ҳам шундай муаммо тўсиқ бўляпти. Ҳужжатлаштириш ишлари асоссиз рад этилаётгани айтилди.

Сўхмон қишлоғига қарашли кўча ариқдан паст қилиб қурилгани сабабли хонадонлар сув тўпланишидан зарар кўряпти. Ички йўллар яроқсиз. Туман йўл хўжалиги, пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси раҳбари Ҳ.Ҳамроев сайёр қабулда иштирок этмагани учун бу мурожаат жавобсиз қолди.

Афсуски, бутун қишлоқ тўпланган қабулга раҳбарларнинг келмаслик ҳолати тез-тез кузатилмоқда. Бу аввало, ўша шахснинг ички маданияти, халққа бўлган муносабатини кўрсатади.

Мурожаатлар билан тўртинчи сектор вакиллари қатъий шуғулланиши билдирилди.

***

Туман прокурори, иккинчи сектор раҳбари А.Бойматов ҳам 9-умумтаълим мактабида сайёр қабул ўтказди.

Бахтиёр Сайдуллаев, Қўнғирот маҳалласи:

- Тўғри, яна эски муаммони кўтардик. Аввалги сайёр қабулда ҳам айтганмиз. Бошқа нима қилайлик?

Уч-тўртта симёғоч ёниб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Чироқ ўчгани-ўчган. Компьютер, замонавий ускуналарни ишлатиш учун электр токи муаммо. Мактаб, боғчамизда шундай шароит бўла туриб, фарзандларимиз ундан бебаҳра қоляпти. Симёғочлар янгиланса, аҳолини қийнаб келаётган бу масала ҳал этилган бўлар эди.

Малика Ибрагимова, Қўнғирот маҳалласи:

- Ичимлик сувини олис масофадан ташиб келамиз. 20-30 йил аввал қурилган сув иншооти таъмирталаб. Мана, бугун шунча раҳбар аҳолини эшитайлик, деб келибди. Бунинг учун раҳмат. Улардан илтимосимиз шу - қишлоғимиз ичимлик суви билан таъминланишини истаймиз.

Мактаб спорт залидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари охирига етказилмагани, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушди. Мутасаддиларнинг айтишича, улар узоғи билан 20 кун муддат ичида бартараф этилади.

  • 04-07-2019
  • | 91 |
  • № 21