www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

МИХАИЛ ГОРБАЧЁВ ОИЛАСИ НЕГА ЁПИҚ ҲАЁТНИ ТАНЛАГАНДИ?

Михаил Сергеевич Горбачёв бир вақтлар Германиянинг бирлашишига катта ҳисса қўшганди. Бугун унинг оила аъзолари олмонлар юртида қулай ҳаёт тарзини кечиришяпти. Худди ўз уйларидагидек.

Фарзандсиз ўтган Владимир Ленинни ҳисобга олмаганда, совет раҳбарлари (Иосиф Сталин, Никита Хрушёв, Леонид Брежнев, Юрий Андропов, Константин Черненко) серфарзанд бўлишган. Энг кўзга кўринган ушбу бош котибларнинг жами 19 нафар фарзанди бўлган. Мамлакатда аҳоли сонининг кўпайишига ажойиб намуна. Тўғрими? Аммо бу анъанани сўнгги совет раҳбари бузди. Михаил Горбачёвнинг фақат бир нафар қизи бор эди.

ОДДИЙ СОВЕТ ҚИЗИ

1953 йил 25 сентябрда талабалар ётоғи ошхонасида икки ёшнинг никоҳ тўйи ўтказилди. Москва давлат университетининг фалсафа факультети талабаси 21 ёшли Раиса Титоренко ҳуқуқшунослик факультети талабаси, орденли комбайнчи, 22 ёшли Михаил Горбачёвга турмушга чиқди. Олий таълимдан сўнг Горбачёв Ставрополь прокуратурасига ишга юборилди. Ёш келин табиийки, турмуш ўртоғи билан бирга кетди. 1957 йилда Горбачёвлар оиласида қиз фарзанд туғилди. Унга Ирина деб исм қўйишди.

Ира Горбачёванинг болалиги тенгдошларидан фарқ қилмасди: оддий болалар боғчаси, оддий мактаб. Унинг ҳаёти тезлик билан ўзгариб борди. Михаил Сергеевич партия йўналишида хизмат поғоналаридан юқорилай бошлади. Қизалоқ 9 ёшга тўлганда отаси Ставрополь шаҳри партия қўмитасининг биринчи котиби этиб сайланди.

ТЎЙ ВА ПОЙТАХТГА КЎЧИШ

Отасининг юқори лавозимларга кўтарилиши қизи томонидан ҳамиша қўллаб-қувватланган. Мактабни олтин медаль билан тугатган Горбачёва хоним Москвада – онаси таҳсил олган фалсафа факультетида ўқишни орзу қиларди. Аммо оилавий маслаҳатлашувдан сўнг Ставрополда қолиб, тиббиёт институтига кирди.

1978 йил Горбачёвлар оиласида муҳим ўзгариш содир бўлди. Ирина ота-онасининг йўлидан бориб, курсдоши Анатолий Вирганскийга турмушга чиқди. Шу йилнинг декабрида Михаил Горбачёв КПСС марказий комитети котиблигига тайинланди. Оила аъзолари, жумладан куёви ҳам Москвага кўчиб ўтди.

Ёшлар Москвада ўқишни давом эттиришди. Ирина 1981 йил Пирогов номидаги 2-тиббиёт институтини битирди. 1980 йилда оиланинг тўнғич набираси туғилди. Исмини Ксения қўйишди.

1985 йилда Михаил Горбачёв КПСС марказий комитети бош котиблигига сайланди. Ирина ўша йили номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Ирина онасига қараганда бошқача эди. У кардиология марказида ишлаб, оила ташвишлари билан шуғулланар, ўзини аввало, бека сифатида кўрарди. 1987 йилда иккинчи қизи – Анастасияни дунёга келтирди.

Иттифоқ тарқагач, Михаил Сегеевич лавозимидан озод этилди.

"ГОРБАЧЁВ ЖАМҒАРМАСИ"

Давр ўзгарди. Анъана, хулқ, феъл-атвор, табиат ўзгарди. Орденли комбайнчи Михаил Горбачёв дунёдаги энг йирик давлатнинг биринчи раҳбарига айланди. Ва яна захирадаги сиёсатчи даражасига тушди.

1991 йилнинг декабрида Горбачёв ўз жамғармасини ташкил этади. Унда "Кайта қуриш тарихи тадқиқотлари, Россия ва жаҳон тарихининг муҳим муаммолари" ўрганилиши кўзда тутилган.

"Горбачёв жамғармаси"нинг президентлигига Михаил Горбачёв, вице-президент лавозимига қизи Ирина Михаиловна лойиқ топилди.

Янги лавозимни пухта ўрганиш учун Ира Россия ҳукумати қошидаги халқ хўжалиги академиясининг халқаро бизнес мактабида таълим олди. 1993 йилдан Иринанинг феъл-атворида ўзгариш содир бўлди. Аввало, турмуш ўртоғи билан ажрашди. Сабаб сифатида Анатолийнинг асосий вақтини ишга бағишлаши, оиласига вақт ажратмаслиги кўрсатилди.

1990 йилларнинг ўрталарига келиб жамғарма фаолиятини Ирина Михаиловна тўлиқ қўлга олди. Америка қўшма штатлари ва Европада яшашга одатланди.

ҚАЙТА ҚУРИЛГАН ОИЛА

Ирина 2006 йилда тадбиркор Андрей Трухачёвга турмушга чиқди. Бу вақтда қизлари мода дунёсига кириб келганди.

Ксения Горбачёва "Officiel Россия" журналининг бош муҳаррири бўлди. У бу лавозимда узоқ ишламаган бўлса-да, "Dil Welt" журналига ёрқин интервью беришга эришди. Бунда Россиядаги вазият ҳақида танқидий фикрларини билдирди.

"Чет элликлар Москва қанчалик яхши эканлиги­ни таъкидлашади. Улар пой­тахт­да тунги клублар, ресторанларни мақташади. Савдо дўконларидан ажойиб харидлар қилишади. Уларнинг нархи анча қиммат бўлса ҳам, бунақа тоза молларни бошқа ердан тополмайсиз-да. Аммо сайёҳлар шаҳарликлар муаммосини сезмайди.

Тасаввур қилинг, сиз паспортингизни йўқотдингиз. Полицияга борасиз. Аммо сизни у ерда сариқ чақага олишмайди. Бу майда муаммо эмас..."

Ксения онаси каби икки марта турмуш қурди. Аввал ўзининг курсдоши Кирил Солодага турмушга чиққан бўлса, сўнг Абрам Руссонинг концерт директори Дмитрий Пырченков билан тақдирини боғлади. Ўзининг таъкидлашича, немислар диёрида жуда эркин яшайди. Онаси ҳам Мюнхенга тез-тез бориб туради.

Анастасия Россияда яшайди. Хуллас, Горбачёвлар "ёпиқ ҳаёт" кечиришади. Фақат жамғарма тадбирларидагина уларни кўриш мумкин.

Михаил Горбачёв партия марказий комитети бош котиби лавозимига кўтарилганда халқ унинг сиймосида ғамхўр, мард, меҳнатсевар, дунёқараши кенг, толмас ёш раҳбарни кўрган. Бинобарин, одамларнинг умиди катта эди...

Унинг фаолияти ҳақида кўп баҳслашиш мумкин. У оиласини мамлакат тақдиридан устун қўйди. Ўйлаб топган "Қайта қуриш" режаси фақат ўзининг оиласи муаммоларини ҳал қилди.

Шокиржон ШЕРАЛИЕВ,

"Жомбой тонги"нинг сиёсий шарҳловчиси.

(Хорижий ОАВ материаллари асосида тайёрланди)

  • 12-08-2019
  • | 43 |
  • № 25