www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

16 та маҳаллада жиноят кузатилмади. бу камми, кўпми?

Халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг қирқ олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Уни туман кенгаши депутати, раис ўринбосари Облақул Холжигитов олиб борди.

8-Сарой сайлов округидан сайланган депутат З.Атамуродова сессия котиби этиб сайланди.

Йиғилишда тумандаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Назар, Кўкгумбаз, Ногаҳон ва Полвонариқ маҳаллаларида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси”га киритилган ва амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Ушбу масала юзасидан Халқ қабулхонаси мудири И.Олтибоев сўзга чиқди. Тўртта секторда олиб борилаётган ишлар, камчиликлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, аҳолига хизмат кўрсатиш ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда қатор камчиликларга йўл қўйганлиги учун “Тоза ҳудуд” туман филиали бошлиғи Ф.Қўзиев, 2-сон ҳудудий газ таъминот Жомбой участкаси СУГ бошлиғи Ғ.Исроилов, «Сувоқова» ишлаб чиқариш корхонаси бошлиғи Ў.Кубаев ва туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Т.Саттаровнинг фаолияти жиддий танқид қилинди.

Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича туман суди раиси М.Шерйигитов, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси Б.Фармонов, Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Юсупов, туман адлия бўлими бошлиғи Б.Жумабоевнинг биринчи ярим йилликдаги суд органлари ҳамда адлия тизимида одил судловни ва қонунийликни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар, истиқболдаги вазифалар юзасидан ахбороти эшитилди.

Биргина фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди берган маълумотга кўра, ўтган олти ой давомида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 412 та (128 тага кўпайган) иш кўрилган. 208 та оила (53 тага кўпайган) никоҳдан ажратилган. Бу рақамлар туман фаолларини эътиборсиз қолдирмади, албатта. Бугунги кунда жамиятнинг энг олд муаммоларидан бўлиб турган ажримнинг олдини олиш борасида таклифлар билдирилди. Нуронийлар, маҳаллаларда ҳурматга лойиқ оилалар ёрдамидан самарали фойдаланиш таклиф қилинди.

Сессияда туман прокурори А.Турумов, ИИБ бошлиғи С.Шавмановнинг ўтган олти ойлик якунлари бўйича ахбороти ҳам муҳокама этилди.

ИИБ бошлиғи берган маълумотга кўра, ўтган олти ойда туманда умумий жиноятчилик  34,1 фоизга камайган. Оғир ва ўта оғир жиноятлар ҳам камайган. Аммо қотиллик, ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси, енгил тан жароҳати етказиш ҳолатлари ортган.

Маҳаллалар кесимида таҳлил қилинганда, тумандаги жами 38 та МФЙнинг 11 тасида жиноятчилик ошган (Нўш, Тут, Ҳолвойи, Кўкгумбаз, Ғазира, Қўнғирот, Эски Жомбой, Қўрғонсаломон, Назар, Бешбола ва Қорамўйин). 8 та маҳаллада жиноятчилик камайган (Каттақишлоқ, Саричашма, Зарафшон, Олмазор, Деҳқонобод, Ширинкент, Аҳмаджон Қурбонов ва Самарқанд). 16 та маҳаллада жиноят содир бўлмаган.

Йиғилишда шунингдек, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) комиссиясининг ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан тақдим этилган хулосалар муҳокама этилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан таклиф ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда қарорлар қабул қилинди.

  • 24-08-2019
  • | 102 |
  • № 27