www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ёлғон ахборот ўзингиз ҳам, жамиятга ҳам зарар

Интернет, айниқса ижтимоий тармоқлар қачонлардир илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш мақсадида яратилган. Афсуски, унинг вазифаси тобора кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб, салбийлашиб боряпти.

Эътироф этиш керак, илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида хизмат қилаётган онлайн нашрлар, саҳифалар ҳам кўп. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларнинг веб-саҳифалари орқали халқимиз ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотлар етказилмоқда. Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон томони бўлганидек, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқяпти.

Бугун ёлғончиликнинг замонавий кўриниши пайдо бўлган. Ижтимоий тармоқларда асоссиз маълумот тарқатиш, турли бўҳтон ва уйдирма тўқиш, фитна қўзғаш одатий ҳолга айланиб бораётгани кишини ташвишга солади. Янада ачинарлиси, содда одамлар ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқда. Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасининг 6-оятида шундай дейди: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”.

Қолаверса, Пайғамбар алайҳиссалом: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, деганлар.

Хўш, ёлғон ахборот қандай ёмон оқибатга олиб келади?

Шариатимизга кўра, мусулмоннинг обрўсини тўкиш худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби ҳаром иш ҳисобланади. Муҳаммад (с.а.в)дан келган ривоятда шундай нақл қилинади: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашарди. Эй Жаброил, булар кимлар, деб сўрадим. Одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўсини тўккан кимсалардир, деди”.

Интернетнинг фитналар уюштириш маконига айланиб бораётгани ҳам унинг салбий оқибатларидан бири. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди.

Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар бу имкониятдан фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, уруш оловини ёқишга уринишяпти. Бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам...

Яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган Шарқ давлатларидаги инқилоб ва зиддиятларни эслайлик. Аслида фитна уюштириш, адоват уруғини сочиш динимизда оғир жиноят ҳисобланади. “Бақара” сурасининг 217-оятида “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...”, деб қайд этилгани бежиз эмас.

Демак, замонавий қурилмалар, имкониятлардан оқилона фойдалансак, ёшларни ақлан ва руҳан тўғри тарбия олиши, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ҳушёр турсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ислом ХИДИРОВ,

Ушунтепа жоме масжиди имом-хатиби.

  • 11-11-2019
  • | 29 |
  • № 34