www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Экспорт ҳажми ошмоқда

"Амин инвест интернейшнл" қўшма корхонаси республикада фаолият бошлаган дастлабки енгил саноат субъектларидан ҳисобланади. Корхона ўтган йигирма йил мобайнида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи тармоққа айланди.

Бу ерда илғор хорижий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган ип-калава, тайёр кийим-кечакларга талаб юқори. Табиий пахта хом ашёсидан тайёрланаётган маҳсулотлар хорижий ҳамкорлар талабига мос келаётир. Ана шу жиҳат инвестиция киритиш орқали ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, экспортбоп маҳсулот ҳажмини ошириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилишида асосий омил бўлмоқда.

Ип йигирув, тўқув, бўяш, бичиш ва тикув цехларининг босқичма-босқич замонавий технология ва дастгоҳлар билан жиҳозланаётгани йилига ўртача 900 тонна ип-калава, 850 тонна трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини беряпти.

– Ип-калава йигирув цехимиз ўтган йили янгидан ишга тушди, – дейди мазкур цех бошқарувчиси Амин Турдиев. – Швециядан келтирилган ускуна ва дастгоҳлар бир кеча-кундузда 6 тонна ип-калава йигириш қувватига эга. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўзида 300 тонна маҳсулот четга экспорт қилинди. Яқинда яна бир йигирув дастгоҳини келтириб ўрнатдик. Табиий пахта хом ашёсидан тайёрланган маҳсулотларимиз харидоргир. Келгуси йилдан иккинчи цехни ҳам ишга тушириш режалаштирилган. Бу бир кеча кундузда 15 тонна ип-калава йигириш имконини беради. Қолаверса, элликдан ортиқ бўш иш ўрни ҳам яратилади.

Айни вақтда корхонада 600 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Нодира Раззоқова ҳам ўтган йили коллежни тамомлаб, йигирув цехида иш бошлаганди.

– Тумандаги енгил саноат касб-ҳунар коллежини тугатиб, ишга жойлашдим, – дейди у. – Йигирув цехида ишловчиларнинг 80 нафари хотин-қизлар. Асосий ишни дастгоҳда бажарамиз. Ҳар бир ўрамдаги ип кўрсатилган меъёр – 59Х38 ҳажмга эга бўлиши, 1000 грамдан ошмаслиги керак. Пишиқ-пухта йигирилган пахта толасидан сифатли мато тўқилади. Бўяш цехида яхши ранг олиши ҳам шунга боғлиқ. Бу маҳсулотнинг харидоргир бўлишини таъминлайди. Коллежда олган таҳсилим ишни тез ва осон ўзлаштириш, топширилган вазифани масъулият билан бажаришимда асқотмоқда.

Хулоса қилиш мумкинки, ички ва ташқи бозор талабига мос товар-маҳсулот ишлаб чиқариш аввало, ходимлар учун қулай меҳнат шароитлари яратишни ҳам тақозо этади. Корхона қошида ходимлар ихтисослашуви учун махсус ўқув курсларининг ташкил этилаётгани истиқболли лойиҳалар ижросига хизмат қилмоқда.

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 20-06-2017
  • | 155 |
  • № 20