www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Табиат ва ...ҳаё топталяпти

– Қуёшнинг тафтини қаранг. Ўт пуркайман, дейди-я.

– Қанийди, шу тобда ўзингни сувга отсанг.

– Жуда ўринли таклиф. "Пляж"га борамизми?

– Э, бўлмайди. У ерда одам зич. Боз устига суви, атрофи нотоза – ифлосланган!

Келинг, манзарага холисона баҳо берайлик. Яхшиси, ўзимиз гувоҳи бўлган ҳолат тасвиридан бошлаймиз.

Туманимизнинг Зарафшон дарёсига туташ қисмида мавжланиб турган ушбу ҳавзани аҳоли тилида "пляж" дея атасак, кўпчиликка тушунарли бўлар. Аслида дар-ёнинг йиғинди сувлари тўпланиб қолган ҳудуд сунъий кўл, ботқоқликни эслатиб туради. Ёз келди ҳамки, кўпчилик учун бу ер чўмилиш масканига айланади. Автомобилларнинг қатнови узилмайди. Ҳавза юзлаб дам олувчиларга тўлган бир пайтда мутасаддилар бу манзарадан хабарсиздай гўё. Қизиқ, шунча киши тўпланса-ю, "Ҳой, барака топгур, жонинг-ни хатарга қўйма", дегувчи топилмаса!

Сув ёқалаб юра бошладик. Кўл четида ўсган ўт-ўланлар ораси маиший чиқиндилар билан тўла. Атроф ярим яланғоч қиёфалар, ёш-яланг, очиқ-сочиқ юрган аёллар, қиз-жувонлар билан гавжум. Табиат топталаётган жойда маънавий-ахлоқий қиёфа ҳам тамомила издан чиққани кишини ташвишга солади.

Шу чоқ сув лабига навбатдаги автомашина келиб тўхтади. Ундан тушиб келаётган йигит ва қизнинг ҳаёсиз қилиқларини баён этишга оқ қоғознинг юзи кўтармайди. Уларнинг сув бўйидаги "ишқий" ҳаракатлари кўп ўтмай қуюқ қамишзор ичида кўздан пана бўлди...

Буни қарангки, дарё сувлари тўпланиб қолган ҳавзалар сони битта эмас, бир қанча экан. Ҳамма ён – кўланкаси майдон "жуфтликлар" учун кўнгил тусаган ишни қиладиган жойга айланган. Беш-олти ерда ёниб кетган дарахт ва спиртли ичимликлардан бўшаган шишалар кечгача давом этаётган айш-ишратдан гувоҳлик бераётгандек. Фақат табиатни муҳофаза қилиш вакиллари бундан хабарсиз, ғафлатда қолган кўринади.

Айримлар оиласи, кўч-кўрони билан шу ерда. Вояга етмаган шахслар, ёш болалар ҳам бор. Носоғлом муҳит уларнинг руҳияти, тарбиясига қандай таъсир кўрсатади? Оиласини "дам олишга" олиб чиқаётган оталар масаланинг шу томонларини ҳам ўйлаб кўришганмикан?!

Шу маҳал новчароқ йигит йўлимизни тўсиб, секин гап қистирди:

– Ака, нима хизмат? Агар қулайроқ жой излаётган бўлсангизлар ҳов анави дарахтзор тарафда соя-салқин ерларимиз бор. Ҳовузга яқин. Нархларимиз ҳам унча қиммат эмас...

Таажжубланиб қолдик. Нега ИИБ ходимлари мазкур ҳолатга жим қараб келмоқда? Бу жойнинг ўз "эгаси", пуллик хизмат кўрсатувчи "хожатбарорлари" борлигини билмаган эканмиз.

Ўша куни дарё бўйидаги яна қанча аянчли ҳолатларга гувоҳ бўлиб қайтдик. Тасодифни қарангки, таҳририятимизга вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими Ш.Дадамирзаев ҳам айнан шу муаммо юзасидан келган экан. Унинг ҳам фикрларига қулоқ тутдик. Айтишича, бошқарма томонидан ҳудудда кузатув рейдлари ўтказилмоқда. Чўкиш ҳолатлари тез-тез содир бўлаётган ҳавза фавқулодда ҳудуд сифатида рўйхатга олинган. Чўмилиш қатъиян тақиқланган. Шунга қарамай буларнинг ҳеч бири амалий наф, ижобий самара бермай келаётган экан:

– Ўрнатилган тақиқловчи паннолар жамоат тартибини бузаётган шахслар томонидан юлиб, улоқтириб ташланаётганига нима дейсиз? – дейди Ш.Дадамирзаев.

Демак, масала биз ўйлагандан кўра анча жиддий. Табиат жабр кўраётган, ичкилик, фоҳишабозлик сингари жиноий иллатлар, инсон саломатлигига хавф солувчи, касаллик ўчоғига айланиш эҳтимоли кучли – ифлосланган ҳавза, антисанитар вазият қолган мутасаддиларни қачон сергак торттиради? Аслини олганда, ҳамма гап маҳалла фаоллари, профилактика нозири, туман санитария ва эпидемиология назорат маркази ходимларида қоляпти. Шу боис мавзуга яна қайтамиз.

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

 

  • 15-07-2017
  • | 149 |
  • № 25