www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мамарайим аканинг қон босими ошди...

Партиямиз фаолият дастурига асосан тиббиёт тизимидаги аҳвол, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати билан танишар эканмиз, қатор муаммоларга дуч келдик.

Тез ёрдамга ёрдам беринг

Гапни бежиз Ногаҳондан бошламаяпмиз. Бу ерда қурилаётган қишлоқ врачлик пункти тез ёрдам бўлими ходимларини хурсанд қилмаяпти. Негаки, қурилишга бош бўлганлар бир жиҳатни ҳисобга олишмаган. Ўтган йили ташкил этилган тез ёрдам бўлимига ҳам бино қуриш ҳеч кимнинг эсида йўқ экан. Қурилиш режасида фақат ҚВПни қайта тиклаш кўзда тутилган. Англадикки, вазият ўзгармаса, "тез ёрдам" тез орада кўчада қолади.

– Шу кунгача ҚВП билан битта бинода жойлашган эдик, – дейди тез ёрдам бўлими шифокори Абдуқаҳҳор Боймирзаев. – Қурилиш бошлангач, маҳалладаги бўш турган хонадонга вақтинчалик кўчиришди. Аммо қурилиш тугаса, ҚВП янги бинога жойлашади. Унинг ёнидан тез ёрдам бўлими ҳам қуриляпти, деган ниятда эдик. Қишлоқ жойларда қурилаётган тиббиёт масканларида бу жиҳат алоҳида ҳисобга олиниши керак. Қоидаси шундай. Аммо бино тархида тез ёрдам учун хоналар қуриш режаси кўзда тутилмабди. Лойиҳа анча йил аввал тасдиқланган бўлиши ҳам мумкин. Наҳотки, энди бунинг чораси топилмаса?

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида шу куниёқ мутасаддиларга мурожаат қилдик. Улар гапни қисқа қилишди. Ҳаммасини чуқур ўйлаб, ўзлари бир қарорга келишаркан. Чунки қурилиш ишлари ҳали тугалланмаган. Ростдан ўйлаб, бир қарорга келинса, тез ёрдамга ёрдам бериш, қўшимча хоналар қуриш чораси топилади, деган умиддамиз.

Ижара уйда яратилган тиббий хизмат сифати ҳақида тўхталишга ҳожат йўқ. Рости, бошқа бир замонавий тиббиёт масканидаги аҳвол олдида буларни санаб ўтириш кўнгилни хира қилади.

Патронаж сумкаси кўргазма учун берилмайди

Аҳмаджон Қурбонов қишлоқ оилавий поликлиникасида бу сумкаларни кўргазма учун асраб қўйишибди. Ўнга яқин патронаж ҳамшира сумкаларсиз жойларга чиқиб кетган. Чунки уларнинг ичи бўм-бўш. Зарурий дори-дармонлар билан таъминланмаган. Сумка билан қўшиб берилган тиббий тарози ва ёриткичлар ишлатилмагани учун занглай бошлабди.

Аслида замонавий типда қурилган мазкур ҚВП биносида тиббий хизматни сифатли ташкил этиш муаммо эмас. Шароит етарли. Аммо ишнинг тўғри йўлга қўйилмаётгани ходимларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Патронаж ҳамшираси Замира Налибекованинг сўзларига кўра, ўзига бириктирилган 116 та хонадон нотўғри тақсимланган. Уйлар бир-биридан жуда олисда. Пиёда бориш учун кўп вақт кетади. Ойлигининг ярми йўл кира ҳақига сарф бўлар экан.

Аҳолига бепул тарқатиладиган дори-дармонларни қайд этиш дафтари ҳам номига юритиляпти. Беморларнинг исми-шарифи қайд этилган бўлсада, дори-дармон олганлигини тасдиқловчи имзо қўйилмаган.

Ҳудуддаги 1451 нафар аҳолига 14 нафар патронаж ҳамшира хизмат кўрсатар экан. Уларнинг аксарияти жойларга чиқиб кетгани айтилди. Қизиқ, ёнидан пул сарфлаб, сумкасиз, дори-дармонсиз кўчада юрган бу ҳамширалар аҳолига қандай тиббий хизмат кўрсатмоқда? Ушбу савол ҚВП мудири Гулбаҳор Тўраевани ҳам бироз ташвишга солганида, дори-дармон ажратиш масаласида юқори ташкилотга таклиф киритган, мурожаат қилган бўларди.

Ёмғирдан қўрқадиган шифокорлар...

Гулистон, Деҳқонобод қишлоқ оилавий поликлиникаси ва Зарафшон ҚВПда патронаж ҳамширалар ишидан аҳоли мамнун. Дори-дармон таъминоти яхши йўлга қўйилган. Мунтазам етказиб берилар экан. Яна учта патронаж сумкасига эҳтиёж сезилмоқда.

Зарафшон ҚВПнинг ўзида оналар мактаби ташкил этилган. Ҳар ойда тиббий кўрикдан ўтиш учун келадиган бўлғуси оналарга оила сабоқлари, бола парвариши бўйича амалий машғулотлар ўтказилади. Оила илми, ёш оналарга тавсиялар, тиббий маданиятни шакллантириш бўйича услубий адабиётлар билан таъминланган.

Аммо ишга яраша камчиликлар ҳам йўқ эмас. Зарафшон ҚВПнинг том қисми яроқсиз ҳолатда. Ёғин-сочин кунларда аҳвол янада қийинлашаркан.

– Ҳозир хоналар тартибга келтирилган, оқланган ҳолатни кўриб турибсиз, – дейди мудира Мавлуда Абдуллаева. – Ёмғир ёға бошласа, бу манзарадан асар ҳам қолмайди. Исталган жойдан томчи томиб, деворларга зарар келтиради. Укки-уч йилдан буён дастурга киритамиз, таъмирлаймиз, деган ваъдани эшитамиз. Билмадик, дастурга киритиш шунча муаммо бўлса, янги том неча йилда битаркин? Том битса, бизни ўйлантириб келаётган ягона муаммо барҳам топади.

Тез ёрдамда телефон ишламайди

Тут ҚОПнинг тез ёрдам бўлимидаги телефон ишласа – жуда зарур, ишламаса – шарт эмас. Ҳозирча умуман ишламаяпти. Ходимлар бу ҳолатни яширишга уринишди. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган нақлни биздан кўра, ўша соҳа вакиллари яхши тушунади, аслида. Амин бўлдикки, ҳудуд аҳолиси тез ёрдамга эҳтиёж сезишса, ҚОП телефони ишламайди.

Хўш, буни яширишдан не наф? Шошилинч хабарни етказишнинг энг тезкор ва қулай воситаси телефон-ку. Қачонгача Мамарайим аканинг қон босими ошса, "дўхтирни айтворинглар", деб шу томонга йўли тушган кимсага ялиниш керак?

Хизмат телефонидан ташқари қишлоқда алоқа сифати ҳам ёмонлашган. Мобиль телефонлар ишламай қолар экан. Аммо ҳудуд коммуникация тармоқларига яқин. Хизмат телефони соз бўлса, ишлатиш муаммо бўлмайди.

Ҳудуднинг анча қисми девор билан ўраб олинмаган. Аҳоли чорвасини боқиб, чиқинди тўкар экан. Бу антисанитар вазиятни келтириб чиқармоқда.

– Хоналар етишмаслигидан ҳам қийналамиз, – дейди мудир Адҳам Ашуралиев. – Собиқ ҚВП биносида оилавий поликлиника иш бошлагач, мутахассислар сони ошди. Энди бу ерда уч-тўрт нафар умумий амалиёт шифокори эмас, тиббиётнинг барча соҳасини қамраб олган тор мутахассислар фаолият юритишади. Бир хонада уч-тўрт нафар шифокор беморларни қабул қилиш, текшириш, ишлашга мажбур бўляпти. Келгусида қўшимча бинолар қуришга эҳтиёжимиз бор.

Иш кўлами кенгайгани боис, асбоб-ускуналар етишмаслиги, айрим эскирган асбобларнинг иш бермаётгани бу ердаги алоҳида масала бўлиб турибди.

Й.Охунбобоев ва Эски Жомбой ҚВПларида ҳам ўзига яраша муаммолар мавжуд. Айтайлик, биринчи ёрдам учун зарур бўлган дексаметазон дори воситаси икки ойдан буён етказиб берилмаяпти. Ёз мавсумида бунга талаб ошгани бежиз эмас. Дексаметазон дори воситаси ўргимчак, чаён, илон каби заҳарли ҳашарот ва судралиб юрувчилардан жабр кўрган беморга яхши таъсир қилади. Бу борада Й.Охунбобоев ҚВПга келаётган беморлар сони кўпайганлигини ҳам ҳисобга олиш лозим.

Шартнома бузилди. ТТБ жим...

Туман тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлими раҳбари Адолат Ўролбоеванинг таъкидлашича, дексаметазонни харид қилиш масаласи икки ой аввал тендерга қўйилган. Етказиб берувчи ташкилот билан тегишли шартнома ҳам бор. Аммо амалда шартнома талаби бузиляпти. Ташкилот асоссиз равишда ўз мажбуриятини бажармаётган экан. Натижада биргина қишлоқ жойлардаги тиббиёт масканлари эмас, марказий тез ёрдам бўлими ҳам дексаметазонга эҳтиёж сезмоқда.

Тендерда ютиб чиққан ташкилот мажбуриятини унутган бўлса, туман тиббиёт бирлашмаси бу ҳолатга нега кўз юммоқда?

Дўхтир, қўлингизни ювинг!..

Сил касалликлари бўлимида бирорта ҳам қўл ювиш анжомини учратмадик. Юқумли касалликка ҳар дақиқа рўбарў келувчи шифокорнинг ҳолатини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Имконият, салоҳият бор. Шароит-чи?

Шу жараёнда онколог, фитизиатр, психиатр каби мутахассис шифокорларнинг аҳолига кўрсатаётган тиббий хизмат сифати билан танишдик.

– Онкологик касалликларга аниқ ташхис қўя оладиган мутахассисларимиз етарли, – дейди марказий поликлиниканинг онколог шифокори Ўткир Тешаев. – Умуман, туманда шу соҳанинг йўлга қўйилгани ҳам бир ютуқ. Фақат поликлиникада жой муаммоси ҳал этилмаяпти. Саратон ўсимтасини аниқлаш, текшириш учун алоҳида хона ажратиш, жиҳозлар билан таъминлаш керак. Тор хонада икки-уч нафар мутахассис ишлайди. Беморларни шу ернинг ўзида текширувдан ўтказиб, ташхис жавобини айтамиз. Кўпчилик бундан норози бўлишади. Уларнинг талаби тўғри. Жиҳозлар етишмагач, имкониятимиз ҳам чекланади. Ваҳоланки, касаллик қанча тез аниқланса, инсон ҳаётини сақлаб қолиш шунча ортади.

Саратонни даволаш тиббиёт олдида турган глобал муаммолардан бири. Агар туман поликлиникалари ҳам етарли шароит ва жиҳозлар билан таъминланса, даволаш учун ажратилаётган қанча маблағ, сарф-харажатнинг олди олинган бўларди.

Мақсадимиз, тиббиёт тизимида юзага келган мана шундай муаммоларни атрофлича ўрганиш, холис баҳо бериш, ечим ахтаришдир. Гап аҳоли, миллат саломатлиги ҳақида борар экан, бу тизимга такрор ва такрор эътибор қаратсак, муаммоларига ечим ахтарсак, биргаликда курашсак, фойдадан холи бўлмайди.

Комила УМАРОВА,
"Адолат" СДПнинг туман кенгаши раиси.
Шерзод ИСОҚУЛОВ,
"Жомбой тонги" мухбири.
  • 01-08-2018
  • | 47 |
  • № 28