www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Номус қонундан кучли(ми?)

Кексаларни ҳурмат қилиш қон-қонимизга сингиб кетган. Яқинда халқаро статистика ташкилоти кексаларни эъзозлаш бўйича давлатлар рўйхатини эълон қилди. Қувонарлиси, Ўзбекистон рейтингнинг энг юқорисида!

Аслида жамият бошқаруви, тинчлик, ички барқарорликни таъминлашда нуронийлар катта куч. Файласуф Сенека айтганидай, қонун тақиқлай олмаган нарсаларни гоҳида номус, андиша тақиқлайди. Яқинда шундай воқеага гувоҳ бўлдим.

Мамлакатимизда умумхалқ ҳашари ўтказилди. Қишлоғимизда ҳам кексалар бош бўлиб, эрта тонгдан кўча, ариқ-зовур, қабристонларни ободонлаштириш бошланиб кетди. Бу ёғи Тут маҳалласидан Туркман қишлоғигача бутун халқ оёққа турди. Ҳудуд кексалари Али Мирзаев ва Ўлмас Қодиров билан биргаликда бош бўлиб турибмиз. Бир пайт ёши элликларга бориб қолган қўшниларимиздан бири қўлига кетмон олиб, ариқ тозалаб юрибди. Fайратига таҳсин айтдик. Аммо бизни ўйлантиргани, унинг ўттизга яқинлашган ўғли ҳашарда кўринмасди. Ваҳоланки, куни кеча уйи олдида турганини кўпчилик кўрган.

Уйига бордим. Уйқусираб чиқиб келди.

– Узр, оромингни буздим. Ҳашар қилаётгандик, отанг билан ариқ тозалаяпмиз. Шунга белкуракларингни олгани кирдим...

Шундай дедиму, белкуракни олиб, ортга қайтдим. Сал ўтмай ҳалиги йигит ҳашарчиларга келиб қўшилди. Уялганиданми ё чиндан ҳам ғайрати жўшиб кетдими, ўша куни ҳаммадан кўп ишлади.

Демоқчиманки, кексаларни ҳурмат қилиш миллий тарбиямизда ҳам, жамиятимиз мусаффолигини сақлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундан самарали фойдалана олсак бўлгани. Жамоатчилик назорати деганда, аввало биз, нуронийлар масъулиятни ҳис қилишимиз зарур.

Эркин ОМОН,

меҳнат фахрийси.

  • 03-09-2018
  • | 52 |
  • № 32