www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мария опа етишмаяпти

Замонавий жамият оммавий ахборот воситалари билан тирик. Чунки замон жадаллашгани сари ахборотга бўлган эҳтиёж кучайиб бормоқда. Сўнгги йигирма йилда даврий нашрларнинг сони ва адади сезиларли ошди. Бугун уларнинг умумий миқдори ўн мингга етади.

Аммо кейинги пайтларда босма ОАВнинг келажаги йўқ, газета ўтмишда қолади, қабилидаги фикр­лар ҳам айтилмоқдаки, бу ҳолат кишини жиддий мулоҳазага ундайди. Ўйлашимча, ҳақиқатан ҳам газета ва журналлар чоп этиш ва тарқатиш тизимида жиддий муаммолар бор. Таъкидлаш жоиз, халқ ўзи истаб мутолаа қилиши учун нашр ҳам шунга муносиб, ўқимишли ва ранг-баранг бўлиши лозим.

Биргина "Жомбой тонги" газетасини олайлик. Бир неча йиллар аввал нашр сифати ҳаминқадар, адад ҳам шунга монанд эди. Форматнинг катта ҳажмга ўтиши, босма сифат ва мазмун-мундарижасининг тубдан яхшиланиши билан туманимиз халқининг ушбу нашрга муносабти ўзгарди. Демоқчиманки, нашрнинг ўқувчи томонидан қадрланиши, яшовчанлигини сақлаб қолиши ҳар жиҳатдан таҳририят жамоасининг ўзига боғлиқ.

Афсуски, бу тизимда бир оғриқли масала бор. Обуна тарқатишдаги узилишлар. Соҳа ходимлари орасида газетанинг умри бир кун, деган ибора юради. Айни ҳақиқат! Интернет нашрлари билан бўлган рақобатда даврий нашрлар имкониятини чеклаб қўяётган омиллардан бири ҳам шу. Тарқатилаётган ахборот ўша куни ўқувчига етиб бормаса, ундан кимга наф?

Ўйлашимча, обуна тарқатувчи ташкилотлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш зарар қилмайди. Бу фикрни туманимиз мисолида исботлаш мумкин. Ўзимизда чоп этиладиган "Жомбой тонги" аксар ҳолларда икки-уч кун ўтиб ўқувчи қўлига етиб боради. Бу обуначига ҳам, таҳририят ижодкорларига ҳам ҳурматсизликдир.

Бир вақтлар Самарқанд, Тошкент ҳатто Москвада чоп этиладиган газеталар ўша куннинг ўзидаёқ туманимизгача етиб келарди. Бирор материал юзасидан баҳс-мунозаралар кейинги сонгача тинмасди. Интернет бўлмаган замонларда шундай бўлган-да, дейишга шошилманг. Жамият фақат ривожланган марказлардан иборат эмас. Олис қишлоқларда яшаётган юз минглаб аҳоли ҳам сифатли ва тезкор ахборот олишга ҳақли. Ҳолбуки, уларда интернетдан фойдаланиш имкони ҳозирча мавжуд эмас.

Ўтган асрнинг 60-80 йилларида туман почта бўлимининг Мария ва Зоя исмли ходимлари бўларди. Москвада чоп этиладиган "Правда", "Известия", "Труд", "Советский культура", "Литературная газета" каби босма нашрларнинг қўлимизга "иссиғида" етиб келиши учун улар катта фидойилик кўрсатишган. Ҳатто ёғинли кунларда, қорон­ғи тушиб қолганига қарамай, уйма-уй газета тарқатишгани кечагидай ёдимда. Ана шундай ҳалол меҳнати сабаб Мария Грачева "Ҳурмат белгиси" ордени билан мукофотланганди. Жомбойликлар уларни ҳануз ҳурмат билан эслашади.

Қаердадир ўқувчисига етиб бормай, чанг босиб ётган газета тахламларини кўрсам, изғиринда лой кечиб, бурчини бажарган Мария опа кўз олдимдан ўтади.

Шокиржон ШЕРАЛИЕВ,

фахрий журналист.

  • 17-10-2018
  • | 166 |
  • № 38