www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ёшликни ўғирлатманг!

Мамлакатимизда адашиб, турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолганларни авф этиш, тўғри йўлга ўтишларига кўмаклашиш мақсадида саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Лекин адашувчиларнинг ҳамон учраб тургани ташвишга сабаб бўлади.

Ҳар бир иллат энг қуйи бўғиндан бошланади. Психологларнинг фикрича, бола ўзлигини англамай туриб, жамият ҳақида фикр юрита бошлар экан.

Ўзим бошланғич синф ўқувчиларига таълим бераман. Тажрибам давомида оила ҳақида тафаккури шаклланмаган болаларнинг давлат, жамият, хориж ҳақида фикр юрита бошлаганига кўп гувоҳ бўлганман. Бу нимани англатади? Ўйлашимча, эътиқод, ғоя борасида ёшларга тушунча беришда бироз кеч қолаётгандекмиз.

Диний софлик, поклик, ёт оқимлар, буз­ғунчи ғоялар... Бу каби тушунчалар ўқувчиларга юқори синфда ўргатилади. Аниқроқ айтганда, улар жамият ҳақида фикр юрита бошлаганидан анча кейинроқ. Шунда ҳам юзаки фикр бериш билан чекланамиз. Эҳтимол хатойимиз ҳам шундадир.

Телевидение орқали ёт оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшлар ҳақида кўрсатув эфирга узатилди. Очиғи, уларни кўриб юрагим ачишди. Кўпчилиги мен илк сабоқ берган ўқувчилар ёшида экан. Мухбир улардан бирига савол беряпти:

– Бу нотўғри йўл эканини билмасмидингиз?

Боланинг жавобини қаранг:

– Оилада икки фарзандмиз. Отам йўқ, онам кун бўйи ишда бўларди. Коллежни битиргач, акам билан чет элда ишлаб келмоқчи бўлдик. У ерда бир киши асосий вазифамиз дин йўлида қурбон бўлиш, ҳокимиятни пок инсонларга олиб бериш эканини уқтирди.

Дунёқарашнинг торлиги, тушунчанинг саёзлигига эътибор қилинг! Агар уларга илк даврдан, бошланғич синфлардаёқ асл инсоний фазилатлар ўргатилганида, эҳтимол, бу каби ғаламислар йўлига кириб қолмаган бўлишарди. Чунки, юқори синфда бола физиологик жиҳатдан улғайиш палласида бўлади. Сабоқнинг 30-40 фоизини ўзлаштира олади, холос. Қолаверса, ўрганиши зарур бўлган фанлар доираси кенгайган бўлади. Агар 8-9 ёшидан мафкуравий иммунитет ҳосил қилишга эришсак, ёт кимсалар таъқибидан уларни асраган бўлардик. Чунки шу ёшда биз ўргатган инсонийлик уларнинг қалбига муҳрланиб қолади. Уни ҳеч бир куч билан ўчириб бўлмайди.

Бошланғич синфларда "Ватан туйғуси" қисқа курсини жорий қилиш керак. Одатда, бу фан 5-синфдан бошлаб ўтилади. Агар 3-синфдан бошлаб ўтилса, болалар қалбига Ватан, тинчлик, диний бағрикенглик, ҳамжиҳатлик тушунчалари эртароқ сингдирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Навбаҳор ШОДИҚУЛОВА,

23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

  • 17-10-2018
  • | 161 |
  • № 38