www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мирзо Улуғбекни Самарқандга беринг!..

Республикамиз олий таълим тизими янгиланишга юз тутмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбек тили ва адабиёти университети, Чирчиқ давлат педагогика институти, Тошкент Инҳа университети каби янги муассасаларга асос солинди.

Вазирликнинг хабар қилишича, 2019 йилда яна 13 та ОТМ ва 8 та филиал ташкил этилиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси соҳа йилдан йилга такомиллашиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, тизимда ислоҳ қилиниши зарур бўлган жиҳатлар ҳам борки, айримларига эътибор қаратмоқчимиз.

Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгач, миллий тилимиз асосчиси бўлган Алишер Навоий номи Самарқанд давлат университетидан янги олийгоҳга кўчирилди. Бу тўғри ва асосли қарор бўлгани шубҳасиз. Тошкент ахборот технологиялар университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номининг берилиши ҳақида ҳам худди шундай фикрни айтиш мумкин.

Аммо республикадаги аксарият олийгоҳларнинг номланиши мантиқан тўғри эмас.

Келинг, сўзни отахон даргоҳ – Ўзбекистон Миллий университетидан бошлаймиз. Мазкур олийгоҳ кўплаб фан соҳаларида бошқа ОТМлар учун таянч вазифани бажаради. Қолаверса, миллий мақомининг ўзиёқ нуфуз ва даражасидан дарак бериб турибди. Мирзо Улуғбек шахсини камситмаган ҳолда айтмоқчимизки, ушбу муассаса қомусий олимлардан бирининг номи билан аталгани маъқул. Зотан, Абу Райхон Беруний, Абу Наср Форобий каби илм-фаннинг ўнлаб тармоқларига катта ҳисса қўшган боболаримиз бор.

Бундан ташқари, Самарқанд давлат архитектура қурилиш институти ҳам Мирзо Улуғбек номи билан аталади. Хўш, мамлакатдаги икки олий ўқув юртига бир алломанинг номи берилиши қанчалик тўғри?

Педагогика олийгоҳлари ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Аввало, республикада ягона бўлган педагогика университетининг Низомий номи билан аталиши мушоҳадага ундайди. Чунки Марказий Осиё халқлари ичида биринчи замонавий мактаблар яратган, илк дарсликларга муалллифлик қилган жадид намоёндалари турганда, ўқитувчилар тайёрлашнинг таянч марказига уларнинг номини бермаслик адолатдан эмас. Бугун Халқ таълими раҳбар ходимлари малакасини ошириш марказий институти Абдулла Авлоний номи билан аталади. Шу икки муассаса номини ўзаро алмаштиришнинг ўзи масалага ижобий ечим бўла олади, бизнингча.

Шунингдек, педагогика институтларининг номланиши ҳам бугун мақбул ечимга муҳтож. Олайлик, Жиззах давлат педагогика институти Абдулла Қодирий номи билан аталади. Навоий ҳамда Чирчиқ давлат педагогика институтларига эса муайян шахс номи берилмаган. Ваҳоланки, Шароф Рашидов номи Жиззах, Абдулла Қодирий номи Чирчиқ (Тошкент) педагогика институтларига берилса, мантиқан тўғри бўлади. Навоий педагогика институтига эса ўзбек филологияси ва таржима назариясининг билимдони Fайбулла ас-Салом номини бериш мумкин.

Шу тартибда Термиз давлат университетига буюк муҳаддис Муҳаммад Исо ат-Термизий, Тошкент давлат юридик университетига биринчи ўзбек адвокати Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Навоий давлат кончилик институтига академик-кончи Ҳабиб Абдуллаев номи берилиши мақсадга мувофиқ.

Вилоятлардаги давлат университетлари ҳам шу тарзда номланиши керак. Мисол тариқасида, Наманган давлат университетига мутафаккир Исҳоқхон Ибрат номининг берилишини таклиф этамиз.

Мамлакатимизда олийгоҳлар сони юзга яқин. Ҳар бирига тўхталиш учун бир мақолада имконият етмайди, албатта. Аммо олий таълим муассасаларини мантиқий изчилликда қайта номлаш фурсати етгани аниқ. Аслини олганда бунинг ижобий тажрибаси бизда бор. Зеро, Қорақалпоқ давлат университетига Бердақ, Нукус давлат педагогика институтига Ажиниёз, Қўқон давлат педагогика институтига Муқимий номининг берилганини эслаш кифоя.

Хўш, бунинг таълим сифатини оширишда қандай аҳамияти бор, дерсиз? Аввало, талаба-ёшларда аждодларга муносиб авлод бўлиш иштиёқи ошади. Бунда мустақиллик дарслари давомида талабаларга олийгоҳ тарихи, номи берилган шахс ҳаёти ва ижоди ҳақида тушунча бериш мақсадга мувофиқ.

Қолаверса, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос илмий-ижодий муҳити бор. Халқ эса ўзидан етишиб чиққан фарзандлари билан фахрланишга ҳақли.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 25-10-2018
  • | 1257 |
  • № 39