www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Лазатни кесган “лаззат”

Бир йили расмлар танловида иштирок этишга тўғри келди. Тадбир ўтаётган боғда биринчи дуч келган қатнашчини суҳбатга тортадиган бўлдик.

Очиғи, дилимда шубҳа уйғонганди. Атрофга разм солсангиз, ҳаммаси имконияти чекланган болалар. Сурат чизишлари учун кимдир ёрдам беряпти. Бу йигитнинг ҳаракатлари эса жуда чаққон. Атрофдагиларни ҳам унутиб, бир ўзи сурат чизишга берилганди. Эҳтимол, уни кузатмаганимда танлов ноҳақ ўтгани, ногирон болалар қолиб, биринчи ўрин унга берилгани учун аччиқ, тан­қидий мақола ёзармидим... Кейин нима бўларди? Ҳақиқат кечроқ юзага чиққанида ўзимни кечира олармидим?

Унга ҳалал бермай, чизаётган суратини томоша қилдим. Полотнода танлов ўтаётган сўлим хиёбон акс эта бошлади. Боланинг диққат-эътибори чизаётган суратида. Кузатувчилар билан иши йўқ. Суратни якунлаб бўлгач, саволга тутмоқчи бўлдим. У нигоҳи қадалган нуқтадан кўз узмас, бироз тўсиб қўяётган кишиларга четроқ туришини илтимос қиларди. Билдимки, талаффузи ҳам жойида. Наҳотки, ногиронлар учун ўтказилаётган тадбирга атай ёлланган бўлса?

Шунчалик ўйга берилганимдан, ёнимизга яқинлашган аёлни сезмапман:

– Кузатиб турибман, журналистга ўхшайсиз, – деб қолди.

Ундан бор ҳақиқатни билиб олишимга мана бу сўзларининг ўзи кифоя бўлди:

– Сарваржон менинг ўқувчим. Бу йил саккизни тамомлайди. Уй таълимида таҳсил оляпти. Иқтидорли бола, расм чизишни ёқтиради. Унга шунчалик боғланиб қолиш хаёлимга келмаган. Ота-онаси чет элда ишлаб юрибди. Отасининг бу болага кўп зарари теккан. Аммо онаси меҳрибон аёл. Кўрсатмаган дўхтири қолмади.

Сарвар ўзини яхши тутади. Ўқишлари аъло. Фақат руҳиятида ўзгариш бор. Бирор нима асабига таъсир қилса, ўзини бошқара олмайди. Ёлғиз қолиши мумкин эмас. Болалар билан мактабга боролмайди. Шовқин-сурон юрагига ғул-ғула солади, қўрқади. Аммо унда ноёб истеъдод бор. Хонаси суратларга тўла. Афсуски, бош мия ярим шаридаги ўзгаришлар, уни фаол жамиятдан бироз ажратиб туради.

Аввалига уйидагилари гап нимада эканини тушунмаган. Бола соғлом туғилган, аммо уч-тўрт ёшида ақлий фаолиятдан ортда қола бошлаган. Оиласида қариндош-уруғдан уйланганлар йўқ. Буни қарангки, кучли тиббий текширувлар боланинг гиёҳвандлик сабаб шундай туғилганини аниқлади. Отаси узоқ вақт четда юрган экан. Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади, дегани шу бўлса керак. Нобоп кимсалар даврасига тушиб қолган йигит гиёҳванд моддадан бир-икки бор татиб кўради.

Қишлоғига бир амаллаб қайтиб келгач, уйланди. Қатъий ирода, қолаверса, ширин ташвишларга шўнғиб, эски ҳаётини буткул унутди. Тўғри йўлни танлади. Бироқ ўша биргина мудҳиш хато, қачонлардир вужудига сингган гиёҳванд моддалар юзини шувут қилди. Ҳаммасидан ёмони, фарзанди, шундай иқтидор эгаси ногирон туғилди. Энди у бир умр мустақил ҳаракат қилишдан маҳрум. Буни кўтариш ота учун оғир. Шу сабабли доим сафарларда юради. Фарзандининг юзига қаролмайди...

Бола билан бир муддат суҳбатлашдик. Қўл етмас орзулари ҳақида айтаётганди. Бироқ сал толиқтириб қўйдик, шекилли. Дудуқланиб, қўл-оёғи титрай бошлагач, гаплари чала қолди.

Биринчи ўринни олган сурат эгаси тақдирлаш маросимида кўринмади. Эсдаликка суратга тушаётганлар орасида унинг ўрни бўш, фақат чизган сурати турарди. Тадбирда шифохонада ҳушига келгани ҳақида айтишди.

Ҳаёт гўзал. Уни гиёҳвандлик каби зарарли иллатларга алмашиб қўйишдан ёмони йўқ...

Шерзод ЭРГАШБОЕВ.

  • 01-11-2018
  • | 46 |
  • № 40