www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

"ДИНОЗАВР"

* Биз матбуот дўконларида ижтимоий-сиёсий нашрларнинг бўлмаслигига ўрганиб қолдик...
* Бозорларда, гавжум жойларда бундай нашрларнинг ерга ёйиб сотишаётганига кўникмадик, учратмадик...
* Автобусларда, автотураргоҳларда ёш болаларнинг шов-шувли, жиддий мақолалар ҳақида бонг ургани ҳақида эшитмадик...
* ТВда расмий нашрларнинг рекламаси, шарҳи берилмади...
Бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Чунки муассиси бўлган нашрлар "кўчада" қолмасди...  
Расмий-сиёсий нашрлар "индамайгина", "ими-жимида" ташкилотларга кириб борди. Давлат ташкилотиман, деган борки, йилнинг сўнгги чорагида обуна муаммосига дуч келди. Газетага муаммо, деб қаралди. Бунинг кўплаб асосли омиллари бор, албатта.
"Жиддий" газеталар ўта жиддийлашиб кетди. Кам эшитадиган, кўп гапирадиган бўлиб қолди. Орол қуриб борди, нашрлар саҳифаларини сув босди... Катта ёзувчи айтганидек, мазмун деган нарса бир пақир сувнинг устида сузиб юрган ёғга ўхшаб қолди. Нашрларимиз кўпинча жиддий ташкилотларнинг ҳисоботи, меъдага тегадиган тадбирлари билан тўйинди. Ходимлар қарға "қағ" этганда босиладиган танқидий, таҳлилий материаллар билан газетхонни ушлаб туришига ишонди. Журналист муаммони излаб борганидан кўра, муаммо журналистни излаб келган ҳолатлар кўп бўлди. Бундай мурожаатларга жавобан ҳафсала қилган таҳририятлар бўлди. Муаммони бориб ўрганди, ечим топди.
Ва бу ҳаракатлар бизни ҳаракатсизликка ўргатиб қўйди.
Бу уринишлар билан газета қилиб бўлмас экан. Бундай газеталарни одамлар ўз истаги билан ўқимас экан. Матбуот дўконидан изламас экан.  
Натижа эса бугун кўпчилигимизга маълум.  
УЙҚУ УЙFОТДИ...
Расмий босма нашрларнинг узоқ уйқуси интернетни уйғотиб юборди. Биз кеча тан олмаганимиз, тасаввур қилолмаганимиз учун бугун уялиб қоляпмиз. Техника – бу техника, тараққиёт – бу тараққиёт!
Инсоният йўқолиб кетган турлар ҳақида гапирганда, одатда динозаврлар ва мамонт¬ларни эсга олади. Чунки улар ҳажман катта. Шу сабаб, бизга қизиқ туюлади. Ва уларни ўзимизча "соғиниб" ҳам қўямиз. Кино ва мультфильмларда, бадиий асарларда гавдалантирамиз. Инсониятни шавқатсизликда, табиат кушандаси сифатида айблаймиз. Бугунги кунда йўқолиб бораётан турлар фожиасидаям инсонни айблаймиз.
Ўзи шунақа, йўқотилгач, қадри билинади.
Нима бўпти, газетаям бугунги динозавр! Одамларни орасига сиғмаяпти. Ҳажман катталиги, йўқ, ҳажман мавжудлиги билан бизни қийнаяпти. Миллионлаб дарахтларни "еяпти" (!) Юз минглаб одамларнинг чўнтагига ўғриларча қўл соляпти. Ойлигига кўз тикяпти.
Хулоса қилганлар ҳам бор: газета-динозавр – бу қандайдир номаълум тур. Қачон пайдо бўлганиям номаълум ва у албатта, йўқолиши керак! У соғиб бўлинган сигир. Икки аср сут берди ахир, қариди-да! Ахборотни энди ТВ, радио, интернет ҳам бера олади.
ЭСКИ ОДАМЛАР...
Яқинда тўқсонга яқинлашиб қолган фахрий журналист Гадой Мелиев келди. Бу одам камина туғилмасидан қирқ йиллар аввал газетачиликни бошлаган: – Болам, газетани соғинаман-да. Ҳеч нарса газетанинг ўрнини босолмаса керак. Анчадан бери келолмагандим, мана, маҳалладан янгиликлар, яхши хабарлар олиб келдим. Газетада беринг, ўқиб бир хурсанд бўлишсин!  
Шокир Шералиев – бу одам бир пайтлар анча-мунча юраги ботирлар ҳам қўл урмаган ишни амалга оширган. Ўзи туғилиб ўсмаган, мушугиям адашмаган чекка бир туманга бориб туман газетасини ташкил қилган. Ўша газетани ўқиб, маърифатли бўлганлар бугун жуда катта одам. Шокир акани танимасаям керак. "Туманда ўзи биргина оммавий ахборот воситаси бор. Маҳаллий хабарлар, янгилик ва муаммоларни шу орқали ўқияпмиз. Ёнимиздаги одамлар, аниқроғи, биз ҳақимизда Тошкентдан келиб ёзишмайди-ку. Бунинг имконияти ҳам йўқ. Кулмасангиз айтай, камига мен интернетни тушунмайман. Маҳаллада телефондан шунчаки, фойдаланиш учун ҳам "антенна" излаймиз..." деди устоз.
Ҳасан Султонов – "Олтин қалам" халқаро кўрик-танлови соҳиби. Моҳир карикатурачи. "Муштум"ни узоқ йиллар, ҳозир ҳам "гуллатаёган" рассомлардан бири. Жомбойлик бўлгани учун ҳазил-чин шарт қўйдик: "Ёки бизгаям карикатура чизиб берасиз ёки кўчиб кетасиз!" "Шарт"ни қабул қилди. Ҳозир бу одам таҳририятнинг ўз ходимига айланиб қолди. Fоя ва таклифларимизни истаганимиздан-да яхшироқ акс эттиряпти. Ҳ ар битта карикатурасидан кейин таҳририятга "катта¬кон"¬лардан қўнғироқ бўлиб турибди. "Илҳом қуйилиб келяпти. Ўзимни ёшаргандай сезяпман. Мени Жомбойга қайтадан танитиб юбордиларинг, машҳур бўлиб кетдим..." дейди Ҳасан ака.
Бу тоифа кишиларни биргина Жомбойнинг ўзида истаганча санаш имкониятимиз бор. Улар ҳозир ҳам биз, набиралари тенги авлод билан елкадош.
Афсуски, уларнинг ҳеч бири бугун интернетни билмайди. Улар динозавр даврида яшашган, ишлашган...  
Таҳририят қошида ташкил этилган "Парвоз" тўгарагида ҳам қирққа яқин ёшлар мақола, шеър ва ҳикояси билан қатнашиб турибди. Айримларининг қўлида замонавий телефони, интернетга кириш имконияти бўлсаям, ҳозирча улар шу ерда, ёнимизда.  
ЖАРАЁН БОРМИ – ҲАЁТ БОР
Устозимиз айтарди: "Мақола тайёрламоқчи бўлган жойингда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган бўлса, буни инобатга ол. Тартибсизлик, пала-партишлик бартараф этилаётганини кўрдинг, ишондингми, у ерда сен қиладиган иш қолмади. Муҳими, муаммо бартараф этиляпти. Жараён кетаётганда, уларнинг устига чиқиб тепиш шарт эмас..."
Бугун ўзбек босма оммавий ахборот воситаларида тикланиш жараёни кетяпти.  
Нашрлар эски ақидаларидан воз кечяпти. (Воз кечмаётганлар бўлса, улар ҳам янгича ишлашга эртага эмас, бугун ўтиши керак).
Масалан, биринчи марта Самарқанд вилоятидаги "Зарафшон" газетаси обуна уюштирган ташкилотларга қимматбаҳо совғалар ваъда қилди. Ваҳоланки, ҳар йили соҳа фахрийлари, элликка яқин пенсионерлар таҳририят ҳисобидан обуна қилиб бериларди.  
Навоий вилояти Кармана тумани "Кармана овози" газетаси обуна бўлган ташкилотларга китоб совға қилишни таклиф қилди.
Яна бир қатор таҳририятлар (имконияти бори) газетани обуначига ўзи етказиб беришни режалаштириб турибди. Халққа яқин бўламиз, обуначининг фикрини, таклифини оламиз. Жойлардан хабарларимиз кўпаяди, деган фикрда.  
Бошқа бир нашр газетани бозорларда, аҳоли гавжум жойларда жарчилар орқали сотишни ўйлаяпти.  
Биз билмаган, эшитмаган лойиҳаларни ўйлаётганлар топилади, албатта. Бозор талаби, замон талаби – шу.  
Босма нашрларнинг сўнгги икки йилда анча жонлангани, таҳлилий-танқидий хабарларнинг кўпайгани, хабар ва янгиликларни веб-сайт, турли ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бериб бораётгани эса изоҳ талаб қиладиган масала ҳам эмас. (Қолаверса, узоқ йиллар давомида кузатилган ўлик сукунат фақат босма ОАВларга эмас, ТВ, радиога ҳам бирдек тегишли).
Шу пайтгача бундай ҳаракатлар деярли бўлмаган. Хўш, газеталарнинг янгича ишлаш тартибига ўтаётгани, замон талабларини ўзига сингдираётгани – бу тикланиш жараёни бўлмай, нима? Бу ҳаракатларга исталган тизимда бўлаётган ислоҳотлар каби қараш керак, холос. Ушбу вазиятда соҳанинг устига чиқиб тепиш эмас, жўяли, асосли, мантиқли таклифлар бериш ақлли одамнинг ишидир.
ГАЗЕТАФОБИЯ
Яқинда мажбурий обунага йўл қўйгани учун Бекобод туман халқ таълими бўлими мудири ишдан олинди. Бу хабар ишини яхши кўрадиган ҳар қандай ташкилот раҳбарини сергаклантирди. Газетани, деб ишдан кетишни ким ҳам хоҳларди!
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Энди халқ таълими бўлими мудирлари, борингки, исталган ташкилот раҳбари ходимига "Газета ўқинг", деёлмайдиган даражада қўрқиб қолмадимикан?  
Бизнингча, газетафобия (одамларни газета билан қўрқитиш ва газетадан қўрқиш) шу тахлит ривожлантириб борилса, босма нашрлар шу йилнинг ўзидаёқ жуда оғир ҳолатга тушиб қолиши аниқ. Чунки биз "Мажбурий обуна қилдиришса, пахтани мажбурий тердиришса, менга айт. Ўзим таъзирини бераман, қаҳрамон бўламан" деяпмиз. Аммо "Виждон ва ақл тарозиси билан ўйла. Пахтани фурсати келиб сенинг ёрдамингсиз ҳам териб олишлари мумкин. Ҳозирча қалб амри билан пахта тер, шундаям текинга эмас. Борки, газета ўқи. Савиянг, салоҳиятинг учун. Соҳангни яхши мутахассиси бўлишинг учун бу ҳам бир МАНБА", демаяпмиз.  
ХУЛОСА  
Босма нашрларда ишлаётганлар мажбурий обуна тарафдори эмас. Тўғри, шу пайтгача механизм шундай ишлаб келганди. Энди ўша халқа узиб қўйилди. Демак, энди газета ходимининг меҳнати янада оғирроқ, залворлироқ бўлади.
Дунёда газета ўқиляпти. Қайсидир мамлакатда юз кишидан уч-беш киши, бошқасида эллик ва ундан ортиқроқ киши газета ўқийди. Аммо биз қандай давлатга айланганимиз маъқул? Ўқийдиган, онгли тарзда мутолаа қиладиган жамиятгами ёки осонгина газетадан воз кечадиган миллатгами?
Инсонга бериладиган энг эски ва дастлабки савол: "Хўш, ким бўлмоқчимиз?!"
Исомиддин ПЎЛАТОВ.

  • 07-11-2018
  • | 17 |
  • № 41