www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳаётни ўзгартирган лаҳза

Туркия. Истанбул. Бу мамлакат, бу шаҳарни дун­ёда кўпчилик яхши билади. Ўз қонунлари ва нуфузига эга бўлган диёр.

Истанбулга энди борган пайтларим эди. Тасодифан кўчада содир бўлган суҳбат ёдимда қолган. Ўша воқеа янги жойда ўзимни тутиб кетишим учун катта фойда берди.

Ҳали шаҳарга келганимга бир ҳафта ҳам бўлмаганди. Зарур иш билан Таксим майдонига боришимга тўғри келди. Аниқроғи, Анқарада яшайдиган устозимни зиёрат қилиш учун бориб, паспортимни унутиб қолдиргандим. Улар почта орқали паспортни Истанбулга жўнатишганди.

Автобусда ўрта ёшдан ошган, юзи ойдин бир киши ҳамроҳ бўлди. Ундан борадиган жойимдан ўтиб кетмаслигим учун қайси бекатда тушишим кераклигини сўрадим. Ҳамроҳим ҳам бу жойни яхши билмас экан. Аммо менга албатта, ёрдам беришини айтди. "Бу шаҳарга бегонага ўхшайсан, ёрдам бермасам бўлмас" деди у.

Менга керакли бекатда иккимиз бирга тушдик. Нотаниш одамни овора қилаётганим учун хижолатда эдим. Аммо бошқа иложим ҳам йўқ. Ҳали бу шаҳарни яхши билмайман. У киши менга чин кўнгилдан ёрдам берди. Ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан сўраб-суриштириб, паспортим келган почта манзилини аниқлаб олдик. (Гап шундаки, улар манзилда адашган ва жўнатма архивга олиб қўйилган экан) Ниҳоят, паспортимни қўлимга олдим.

Ёнимдаги кишидан жуда миннатдор эдим. Аммо очиғи, кўнглимда шубҳа ҳам йўқ эмасди. Шубҳам, бу одам менга нега ёрдам қиляпти? Бироздан кейин гумонларим тумандек тарқаб кетди. Паспортим топилганидан у ҳам хурсандлигини айтиб, шундай деди: "Муборак бир тупроқдан келган қондошим, қардошим экансан. Сенга бир нарсани айтиш менга қарз. Истанбул жуда катта шаҳар. Бу шаҳарнинг ўз қонун-қоидалари бор. Биринчи қоидаси – ҳеч кимга, ҳеч қачон ишонмайсан! Фақат ўзингга ва ўз кучингга ишонасан. Иккинчи қоидаси – Истанбулда бирор ишни эплай олсанг, демакки, дунёнинг ҳамма жойида бунга қодирсан!"

Кейин мени маҳкам қучоқлаб, ишимга омад тилади. Таксим майдонида у билан хайр­лашдик. Бу инсон билан учрашиб қолганим Яратганнинг бир инояти эди. Шу-шу, унинг гаплари ёдимда қолди.

Истанбулда уч йилдан ортиқ қолдим. Ўзимга бўлган ишонч ортди. Ўз кучим, билимим ва тажрибамга ишондим, бошқаларни кузатдим, ўқидим, ўргандим. Бу эса менга катта фойда берди. Нуфузли бир фирмада фаррошликдан иш бошлаб, импорт ва экспорт бўлимини бошқариш даржасигача чиқдим. Истанбулда нималарнидир эплай олдим. Энди дунёнинг ҳамма жойида эплай оламан. Ҳа, албатта эплай оламан!

Ҳаёт қонунлари ҳам худди Истанбул қонунларидек, сизни аяб ўтирмайди. Кутиб ҳам турмайди. Орзуларингиз, мақсадингиз шунчаки, қолиб кетмасин. Фақат ўзингизга ишонинг ва иродангизни ишга солинг. Муваффақият қозонаман, деган киши олдига мақсад қўйиш ва меҳнат қилишни ҳам билиши керак. Агар сиз кимнидир ёки ниманидир сабаб қилиб кўрсатмоқчи бўлсангиз, ҳаммаси ёлғон. Энг катта сабаб – ўзингиз! Агар кўрсаткич бармоғингиз билан ким ёки ниманидир кўрсатмоқчи бўлсангиз, қолган учта бармоғингиз доим ўзингизни кўрсатиб туради. Ишонмасангиз, синаб кўринг. Синаб кўрдингизми? Энди баҳона қилманг. Ҳаракатга ўтинг. МАҚСАД ва ҲАРАКАТ сизни олдинга бошлайди. ТАНБАЛЛИК ВА ДАНГАСАЛИК ортда қолдиради.

Чорасиз эмас, ЧОРА СИЗ бўлинг!

Фазлиддин МАДИЕВ,

мотиватор.

P/S Мотивация (лот. movere) – ҳаракатни уйғотмоқ; руҳий-физиологик режанинг динамик жараёни, инсон ҳаракатини бош­қариш, мақсад сари етакловчи восита, ташкиллаштириш, фаоллик ва бардошлилик каби маъноларни англатади.

 

  • 23-11-2018
  • | 24 |
  • № 43