www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Маҳалланинг “қароқчиси”

Кейинги вақтларда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, майда безориликка қўл ураётганлар кўпаймоқда. Афсуски, уларнинг аксарияти ўттиздан ошган, оилали кишилар.
Тўғри, майда безорилик ижтимоий хавфи жиҳатдан унчалик аҳамиятга эга эмас. Аммо ҳар қандай фожианинг бошланғич нуқтаси бўлганидек, мудҳиш жиноятлар ҳам шундай майда қилмишлардан бошланади. Буни ёддан чиқармаслик зарур.
Айрим мисолларга тўхталсак. Абдурасул Самадов (исм-шарифлари ўзгартирилган) беш нафар фарзанднинг отаси. Ёши ҳам қирқдан ошиб боряпти. Аммо фойдали меҳнат билан шуғулланиш, фарзандлар келажагини ўйлаш ўрнига ичкиликка берилган. Маҳалладошларининг насиҳати ҳам унга кор қилмайди. Аксинча, яна спиртли ичимлик истеъмол қилиб, тўполон кўтаради. Қўни-қўшниларини ҳақоратлаб, ахлоқсиз ҳаракатлар содир этади. Оқибатда, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан жазога тортилди.
Жўра Фазлиддинов ҳам шундай кимсалардан. Маҳалласида ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини оладиган "қароқчи" сифатида танилган. Маҳаллага кираверишда туриб олади-да, кимки ўтса, асабига тегади. Одамлар маст кимса билан тенглашмай, деб қўл силтаб ўтишади. Аммо бу ҳолат ҳар куни давом этгач, унга нисбатан маъмурий иш очилди.
 Афсуски, бизда жамоатчилик назорати ҳали тўлиқ шаклланмаган. Бу каби ҳолатларга кўз юмиб ўтиб кетиш ярамайди. Ичкиликка берилган ёки хул¬қи ёмон фуқаролар билан алоҳида шуғулланиш, ижтимоий ҳаётга қайтариш маҳалладаги барча фуқароларнинг бурчига айланиши керак. Агар қандайдир оғир жиноят содир бўлса, маҳалла аҳлига ҳам доғ бўлиши ҳақиқат-ку.
Бундай фуқаролар билан ишлаш профилактика инспекторининг касбий вазифаси ҳисобланади. Шундай бўлса-да, унга кўмаклашишни ҳам ёддан чиқармайлик.
Зафар ХОЛИҚУЛОВ,
туман маъмурий суди раиси.

  • 04-12-2018
  • | 17 |
  • № 44