www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Нозир нимадан норози?

Гап бир кишининг мурожаатида эмас. Муаммодан ташкилотнинг барча ишчи-ходимлари бирдай азият чекмоқда. Сирасини айтганда, бугун уч-тўрт юз минг сўм маош эвазига рўзғор тебратиш мушкул. Яна унинг ойлаб кечикиш билан қўлга тегиши дард устига чипқон.

"Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси туман филиали ходимлари аввал ҳам таҳририятга оғзаки мурожаат қилиб, ойлик маош олишда узилишлар кузатилаётганини айтишганди. Яқинда улардан бири Азиз Абдурайимов ариза билан келди.

– Ўтган йил декабрь ойидан ҳудуд назоратчиси сифатида иш бошлаганман, – деб ёзади у ўз мурожаатида. – Маош олишдаги узилишлар кўп қатори мени ҳам қийнаб келяпти. Хусусан, сўнгги уч ой учун маошимиз ҳали берилмади. Раҳбариятга мурожаат қилганимда, бу масала вилоят бошқармаси ихтиёрида эканини айтишди. Олдинда Янги йил байрами. Маош қачон қўлимизга тегади, ҳозирча номаълум.

Бир қарашда муаммо унчалик катта эмасдек. Маълум сабаб билан шундай ҳолат барча ташкилотларда кузатилиши мумкин. Аммо бунинг мунтазамлик касб этиши кишини ўйлантиради.

Масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, айтмасак бўлмайди. Асосий вазифаси коммунал хизматлар учун тўлов қабул қилиш бўлган назоратчиларнинг ўзлаштириш, растрата, фирибгарлик каби жиноятларга қўл ургани ҳақида эшитиб қоламиз. Юқоридаги каби мунтазам ойлик маошларининг кечикиши шундай нохуш ҳолатларга сабаб бўлмаяптимикан?

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонасининг туман филиалига мурожаат қилдик.

– Муаммо борлиги рост, аммо чиндан ҳам бу бизга боғлиқ масала эмас, – дейди филиал раҳбари Фарҳод Қўзиев. – Ўрнатилган тартибга кўра, туманларда фаолият юритаётган назоратчилар аҳолидан йиғилган маблағни рўйхат асосида топширади. Бу тўғридан-тўғри вилоят бош­қармаси ғазнасига бориб тушади. Шундан сўнг барча туманларга бирдай тақсимланади. Тўғри, филиалимиз пул топширишда илғор. Аммо бошқа туманлар ҳиссасига бизнинг маошимиз ҳам кечикяпти.

Шундай бўлса-да, ходимлар ойлаб маошсиз қоляпти, деган фикр ноўрин. Корхона илк бор ташкил этилганда транспорт ва ёқилғи хариди, фаолиятни йўлга қўйиб олиш каби муаммолар билан уч ой иш ҳақи берилмаган. Шундан сўнг ҳар ойда аввалги ойлар учун тўлаб борилди. Олайлик, ўтган ноябрь ойида август маошини тарқатганмиз. Яқинда қабул қилинган Президент фармонига кўра, маиший чиқинди учун тўловларни ундириш тизими 2019 йилнинг 1 январидан мажбурий ижро бюроси ваколатига ўтади. Шунда барча кечиккан иш ҳақлари бирдан тўлаб берилиши кутиляпти.

Раҳбарнинг изоҳи тушунарли. Демак, ходимлар ойма-ой маош олмоқда. Муаммо уч ойлик қарздорликда. Бу ҳам тез кунларда ўз ечимини топади. Аммо бир жиҳат кишини ўйлантиради. "Қаттиқ ва маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда фақат ундирув вазифаси МИБга ўтиши белгиланган. Бошқача айтганда, "Тоза ҳудуд" таркибидаги назоратчилар штати тугатилади ва бюро ихтиёрига ўтади. Аммо гап фақат назоратчилардагина эмас. Корхонанинг бошқа ходимлари ҳам маош кечикишидан азият чекяпти. Хўш, уларнинг масаласи қай тартибда ҳал бўлади? Ҳозирча бу сўроқ остида қолмоқда. Филиал раҳбарияти мажбурий тўлов интизоми тартибга олинса, тушум ортиши ва кечикишлар барҳам топишига умид билдирди.

Коммунал хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг туман бўлимлари ўз бюджетига эга. Яъни, ходимларнинг ойлик маоши бевосита туманнинг ўзида ҳисобланади ва тўлаб берилади. "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонасининг жойлардаги филиалларини ҳам иқтисодий жиҳатдан мустақил қилиш фурсати етмадимикан?

Мавзуга яна қайтамиз.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 18-12-2018
  • | 38 |
  • № 46