www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Огоҳлик – давр талаби

Динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик – тараққиётнинг бош омили. Аммо дунёда осойишта муҳитни издан чиқаришга қаратилган вайронкор ғояларнинг янгидан янги шакллари пайдо бўлаётгани ҳар дақиқа огоҳ бўлишни талаб қилади.
Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, жамият равнақига хизмат қилиш ўрнига буз¬ғунчиликни касб қилган, ўз Ватани, халқига хиёнат қилишдан тоймайдиган кимсалар афсуски, орамизда бор. Уларнинг ақидапарастлик, мутаассиблик йўлида диндан ниқоб сифатида фойдаланаётгани, натижада ботил йўлга кириб, залолатга кетаётгани ачинарли ҳол.
Аслида тинчлик инсониятга инъом этилган энг улуғ неъматдир. Зеро, Ислом динининг бош ғояси ҳам тинч-тотув ҳаёт кечиришдан иборат. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасининг 208-оятида "Эй, имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз!" дея марҳамат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматки, бундан кўп одамлар бебаҳрадир", деб хитоб қилганлари бежиз эмас.
Шиддат билан ривожланаётган бугунги замонда интернет тармоғи ёвузлик қуролига айланиб қолаётгани ҳақиқат. Унда тарғиб қилинаётган ғаразли маълумотлар, вайронкор ғоялар, ҳаёсизлик ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бинобарин, ота-оналар, устоз-мураббийлар бу борада масъулиятли бўлиши зарур.
Ёт оқим таъсиридаги кимсалар ўз қилмишини дин йўлида кураш, деб хаспўшлашга уринади. Унутмайликки, Ислом дини ҳеч қачон ёвузликка буюрмаган.
Нурбек ХИДИРОВ,
туман бош имом хатиби.

  • 23-12-2018
  • | 19 |
  • № 47