www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Хазон бўлган умр

Лагерга келган илк кунлардаёқ унга Жаббор деб исм беришган. Гоҳида бунинг маъноси "жабр қилгувчи" эканини ўйласа, эти жунжукади.

"Менга шу ишни қилсанг, жаннатга эришасан, дейишганди. Эй, Худо, қўлим қонга ботиб боряпти-ку. Бегуноҳларни ўлдириб, қандай сенинг раҳматингга эришарканман...", деган ўй ўтади кўнглидан. Аммо буни овоз чиқариб айтмайди. Хоин, деб ўлдириб юборишлари ҳеч гапмас.

Олти ой... Шу муддат ичида қанча одамни ўлдирди, ўзи ҳам билмайди. Жанг олдидан гиёҳванд модда тарқатишади. Кўзи қонга ботганча ўзини олов ичига отади. Узган ўқи етмиш ёшли қарияга бориб тегдими, етти яшар болакайгами, фар­қи йўқ. Ґаммаси тугаб, "бошпана"га қайтгач, чуқур уйқуга кетади. Уйғонгач, виждони қийналади. Аммо кеч, жуда кеч. Бу борса келмас йўл эканини аввалдан биларди. Айб ўзида...

Бугун туш кўрибди. Болалиги ўтган ҳовлида эмиш. Бир чеккада тандир, онаси нон ёпаётганмиш. "Юз-қўлингни юв, болам, кирланиб кетибсан. Нонни бу қўл билан ушлаш – гуноҳ", дермиш. Бир пайт ҳовли этагидан отаси чиқиб келибди. Эсида, шу томонда боғлари бўларди. Шираси тилни ёрадиган мевалар кеч кузгача узилмасди. Негадир отаси унга қайрилиб ҳам қарамай ўтиб кетибди. Беланчакда бир ярим яшар ўғли тамшаниб ётганига кўзи тушди...

– Уйғон, ҳамманг!

Сапчиб ўрнидан турди. Бу гуруҳ каттаси – Қорасоқол. Ваҳший кимса... Икки йил ичида мингдан ортиқ одамни ўлдириб юборган, дейишади. 

– "Қумурсқалар" қўзғалгани ҳақида хабар қилишди. Ўн дақиқа вақт. Ґужумга ўтамиз.

Қорасоқолнинг буйруғи қисқа бўлди. Мана, чорак соат ўтиб, бир тўп жангари орасида мудраб боряпти. Гиёҳ таъсирида сархуш, қаёққа олиб кетишяпти, нега уларни ўлдириш керак, ўйлаб ўтирмайди. Тобора манқуртлашиб бораётган шуури бунга қодир эмас.

...Қаттиқ гумбурлаш жангариларни ҳар томонга сочиб ташлади. Кўзларини очди. Тартибсиз учиб ўтаётган ўқлар овози, олов... "Ниҳоят шаҳид бўляпман", ўйлади ўзича. Аммо бунга ўзининг ҳам ишончи комил эмасди.

Сўнгги дақиқада отаси қирқ йил парваришлаган боғ, онаси ёпган нон, бешикда тамшаниб ётган фарзанди кўз олдидан ўтди...

Мақсад ЯХШИЛИКОВ.

  • 23-12-2018
  • | 137 |
  • № 47