www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Олти киши меросда доимо ҳақли

Умр давомида ҳар ким насибасига яраша мол-мулк орттиради. Табиийки, биздан кейин ўша мулкимиз кимгадир қолиши керак. Динимизда бу масала аниқ кўрсатмалар билан тартибга солинган. Афсуски, мерос талашиш оқибатида ака-ука, опа-сингиллар ўртасида турли ихтилофлар юзага келаётгани ҳам бор гап.

Меросни бўлишда киши ҳалол мулкка эга бўлиши мумкин. Шу билан биргаликда, шайтон васвасаси билан ботил йўлга кириб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Яъни, агар меросни бўлишда бепарволик, манфаат­параст­ликка йўл қўйилса, одамларнинг ҳақи бир-бирига ўтиб кетади.

Мерос масаласи ҳалол-ҳаром мавзуига алоқадор бўлгани учун унинг асосий жиҳатлари Қуръони каримда кўрсатиб ўтилган. "Нисо" сурасининг 11-оятида "...Ота-онангиз ва фарзандларингиздан қайси бири сизлар учун манфаатлироқ эканини билмайсизлар. (Шунинг учун мерос тақсими) Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билимдон ва ҳаким зотдир", дея марҳамат қилингани бежиз эмас.

Халқимизда оқибат, қондошлар аҳиллиги  қадрланади. Аммо бир нарса кишини ўйга толдиради. Марҳум вафотидан сўнг мерос масаласи ўн йиллар кўтарилмайди. Бу орада турли тушунмовчиликлар юзага келади. Ваҳоланки, бу масала ўз ўрнида ҳал қилиниши мақсадга мувофиқ. Шунда ҳам барча тартиб-таомилларга амал қилинса, ўзаро келишмовчилик, силаи-раҳмнинг узилишига барҳам берилган бўларди.

Марҳумнинг мол-мулки аввало, унинг дафн маросимларига сарфланиши зарур. Албатта, бунда ўта исроф ҳам, зиқналик ҳам қилмаслик керак. Қолаверса, унинг қарзлари бўлса, тўлиғича адо қилиниши шарт. Гоҳида қарз узилмай туриб, мулк бўлиб олиниши кузатилади. Бу билан зиммамизга оғир гуноҳ ортиб олаётганимизни унутмайлик.

Шунингдек, марҳумдан шаръан жоиз васият қолган бўлса, қолдирган молнинг учдан бири ҳисобидан адо қилинади.

Ота ёшлик ҳолида оламдан ўтиб, етим фарзандлари қолса, мулк болалари балоғатга етгунича сақлаб турилиши лозим. Кўпинча марҳумнинг хотини ёки ота-онаси меросни шариат кўрсатмасига номувофиқ сарфлаб юборишади. Аллоҳ таоло "Нисо" сурасининг 10-оятида огоҳлантириб шундай деган:

"Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар".

Ва ниҳоят, тақсим масаласида бир қоида бор. Яъни, олти киши ҳеч қачон меросдан бутунлай маҳрум бўлмайди: ота, она, эр, хотин, ўғил ва қиз. Уларни меросдан четлаштириш ўзганинг ҳақини ейиш билан баробардир.

Нурбек ХИДИРОВ,

туман бош имом-хатиби.

  • 24-01-2019
  • | 61 |
  • № 3