www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Нажотни олисдан изламанг

– Вазиятни кўриб турибсиз. Бу юртда сизу менга ўхшаганларга кун йўқ. Ягона нажот – ўша ёқларга кетиш, Яратган розилиги учун курашга бел боғлаш. Хизматингиз албатта, мукофотсиз қолмайди. Ойига минг “кўкида” тўлашади. Раҳбарларимиз сахий кишилар. Аслида, уларнинг мақсади ҳам сиз каби қийналганларга ёрдам бериш, кофирлар зулмидан эзилаётган биродарларни қутқариш бир восита, холос. Танланг!

Акмал икки ўт орасида қолди. Саид Аҳрорхонга ишонай деса, кўнглида ҳадик. Ишонмай деса, унинг ҳам гапларида жон бор. Ўн тўрт ёшидан бери қора меҳнат қилади. Косаси оқармайди. Отасининг вафотидан кейин онасига рўзғор тебратишда кўмаклашай, деб не ишларга қўл урмади. Бозорда ҳаммоллик, тўнфурушлик, қурилишда югурдаклик...

Болалигида ўқийман, яхши шифокор бўламан, дерди. Бу орзулари ҳам ҳавога учди. Икки бор институтга имтиҳон топшириб, киролмади. Шундан сўнг Россияга келди. Мана, беш ойдан бери қўли пул кўриб, уйига ҳам орттирганини юбориб турибди.

Икки ҳафтача аввал ижара уйига бир киши кириб келди. Ўзини Саид Аҳрорхон деб таништирди. Мусофир ўзбекларга ёрдам бериш ниятида юрганини, ишдан, пулдан қийинчилик бўлса, барча имкониятга эгалигини айтиб кетди. Акмал уни кейинги жума куни масжидда учратди. Узоқ суҳбатлашишди. Саид Аҳрорхон дунёда ахлоқ йўқолиб, дину диёнат бузилиб бораётганидан надомат қилди. Дам олиш куни уйига таклиф қилди. Акмал бу кишининг сўзлари ўзига маъқул келаётганини ҳис қилди. Айтилган кун қидириб борди. Келса, ёлғиз ўзи эмас, ўн чоғли мусофир йиғилган экан. Тожиклар, қирғизлар, ўзбеклар...

Саид Аҳрорхон меҳмондорчиликни қуюқ қилди. Чой маҳали турфа мавзуларда сўз кетди. Суҳбат айланиб, дин-эътиқод масаласига тақалди. Мезбонга “жон кирди”. Ўзбекистонда ношаръий сиёсат юритилаётган эмиш. Мазлумлар эзилаётганию, порахўрлик авжига чиққанидан куюниб гапирди. Бу гап кимгадир ёқди, кимгадир эса йўқ. Меҳмонлар туришга тадорик кўришаётган пайтда, Саид Аҳрорхон Акмалга “Сиз кетмай туринг”, деб имо қилди.

Энди қараса, бунақа гаплар.

Акмал ижара уйига келганида ҳам, ўтган икки ҳафта давомида ҳам бир қарорга келолмай, иккиланиб юрди.

Тушига раҳматли бобоси кирганмиш. “Ўгитларим ёдингдами, болам”, дермиш қария. “Агар қаттиқ заҳмат чексанг, Аллоҳга шукрона келтир. Ўзидан мадад сўра. Кўнглинг бошлаётган ишинг тўғри йўл эканини тасдиқласа, иккиланма. Ва асосийси...” Акмал уйғониб кетди. Тонг отай деб қолган экан. Кўрган тушини сарҳисоб қилди. Бир қарорга келди чоғи, ўрнидан қўзғалди. Кийиндию, тўғри Ўзбекистон элчихонасига йўл олди. Дилида эса бобоси тушида айтган сўнгги сўзларни такрорларди: “Нажотни олисдан қидирма!”

***

Элчихона ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Акмалнинг гувоҳлиги синчиклаб ўрганилди. Саид Аҳрорхон чиндан ҳам диний-экстремистик ташкилотларга сотилган халқаро жиноятчи экан. Сурия ва Ироқдаги жанггоҳларга юборилаётган юзлаб ёш йигитлар ҳалокатдан қутқариб қолинди.

Мақсад ЯХШИЛИКОВ.

  • 09-02-2019
  • | 10 |
  • № 5