www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

«Ортингга қайт, болам!»

У кишини аввалдан танирдим. Нуфузли идора раҳбари эди. Ўшанда бошига тушган мусибатни эшитиб, рости ишонгим келмаган. Икки нафар ўғли чет давлатга кетиб, Сурияда юрганмиш. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, дейишади. Наҳотки, шу гаплар рост бўлса.

Шаҳарга йўлим тушди. Тушдан кейин йўловчи оз, автобус енгил чайқалиб бормоқда. Ёнимдаги ўриндиқда ёши каттароқ аёл. Ойнадан кўз узмай кетяпти. Уни бир қарашда танидим. Аввал мактабимизда дарс берган. Кейин бошқа мактабга директор этиб тайинланганди.

Салом бердим. Унутмабди. Манзилгача суҳбатлашиб кетдик.

Миш-мишлар қанчалик рост бўлмасин, барибир ўзидан сўраш ноқулай. Юзимдан савол аралаш маънони уқдими ёки ўзига яқин олгани учунми, ниҳоят ўғилларидан гап очди.

Шўрлик онаизор. Россияга кетган ўғилларидан хат-хабар бўлмагач, анча пайт сўраб-суриштирган. Бирга кетган ўртоқлари, оиласини излаб борган эмиш.

– Тез-тез қатнаганим учун ахийри, бор ҳақиқатни айтишди, – дейди ҳамроҳим. – Нобоп кимсалар иккисини ҳам ўз домига тортибди. Аввал Туркияга, сўнгра Сурияга ўтиб кетганмиш. Кўз-олдим қоронғулашиб кетди. Шифохонада ҳушимга келдим. Мана, икки йилдан бери шу аҳвол. Остона ҳатлаб, кўчага чиқиш азоб. Одамларнинг кўзига қараш оғир. Турли гап-сўзлар кўпайгач, ишдан ҳам олиндим. Ҳозир уйдаман. Ким ўйлабди шунақа бўлишини? Тағин ўқитувчининг боласи-я! Ҳар ҳолда, ёмон тарбия бермадик-ку. Қўлларида гулдай ҳунари бор эди.

Биламан, улар адашиб шу йўлга кириб қолишган. Икки-уч марта телефон орқали гаплашдик. Қилмишидан пушаймон. “Она, бизни қутқаринг, уйга қайтаринг”, дейди. Аёл бошим билан кимларга мурожаат қилмадим, дейсан.

Ҳалиям, халқимиз кечиримли. Маҳалла-кўй ёлғизлатиб қўйгани йўқ. Қўшниларим йўқлаб, далда бериб туришади. Президентимизга раҳмат, адашган ёшларни кечиряпти. Телевизорда қўшни тумандан бир онахонни кўрсатишди. Уч нафар ўғлини бағрига қайтарибди. Бу хабар ичимга чироқ ёритгандай бўлди.

Яқинда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёт оқимларга аралашиб қолган фуқароларнинг оиласи билан учрашув ўтказди. Хабар беринглар. Ортиқ яшириниб юрмасин. Ватанга қайтарайлик. Давлатимиз, Президентимиз уларни кечиришга тайёр. Келсин, деяпти. Ҳозир шаҳарда навбатдаги учрашув бўлади. Шунга боряпман. Йўл-йўриғини тушунтирамиз, деб чақиришган. Шояд, ўғилларим ёнимга қайтса. Уларни бир бор кўрсам, армоним қолмасди.

Шундан бери у кишини қайтиб кўрмадим. Синовли кунлар ҳар кимнинг бошида бор. Аммо фарзанди тирик бўлиб, доғини кўтариш ота-она учун оғир бўларкан. Нега, шуни вақтида ўйлаб кўрмаймиз?

Шерзод ЭРГАШБОЕВ.

  • 15-02-2019
  • | 38 |
  • № 6