www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Дарахт кесган мудира жаримага тортилди

Дарахт ва бутасимон ўсимликларга зарар етказган шахслар учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари кучайтирилган. "Н.Эсонтурдиев" қишлоқ врачлик пунктида содир этилган қонунбузарлик ҳолати бунга мисол. Тиббиёт ходимининг шу ишга қўл ургани кишини ташвишга солади.

Туман экология ва атроф-муҳитни моҳофаза қилиш инспекциясига хабар келиб тушгач, вазиятни жойида таҳлил қилдик. Мудир лавозимида ишлаб келаётган А.Болибекованинг атроф-муҳитга жиддий зарар етказгани аниқланди. Унинг топшириғи билан ҚВП ҳудудидаги уч туп дарахт ноқонуний кесиб олингани маълум бўлди.

Ўрганиш давомида мудирага нисбатан маъмурий чора кўрилди. Табиатга етказган зарари учун 750 101 сўм жаримага тортилди.

Жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган мазкур ҳолат "Жомбой тонги" газетасида ҳам батафсил ёритилган. Газетанинг шу йил 8 январдаги 1-сонида "Хоналар совуқ, дарахтлар сотилган, экология жим" "Н.Эсонтурдиев" ҚВПда вазият оғир" сарлавҳали мақола чоп этилди. "Адолат" партиясининг мазкур хулосаси ҳақиқатни яна бир бор юзага чиқарди.

Мақолада айтилганидек, мудира дарахтларни ўз-ўзидан кесиб сотмаган. Гўёки тушган маблағ муассаса харажатлари учун ишлатилган. Экология нозирининг иштирокисиз тузилган далолатнома эса буни рад этади. Ҳужжатда кесиб олинган дарахтлар хоналарни иситиш учун сарфланди, де­йилган. Бироқ ҳар икки ҳолат ҳам қонунга зид. Чунки давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган ташкилотнинг шу дарахтларга куни қолмагани аниқ.

Фаолиятимиз давомида бундай ҳолатларга тез-тез дуч келамиз. Дейлик, қурилиш, таъмирлаш ишлари кетаётган ҳудудда ҳам дов-дарахтлар рухсатсиз кесиб ташланади. Бу билан ўсимлик дунёсига зарар етказилгани жиддий ўйлаб кўрилмайди.

Аслида, дарахт қирқишнинг бир қанча талаблари бор. Биринчи на­­в­батда, туман давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш зарур. Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаати вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига келиб тушгач, тегишли тартибда ўрганилади ҳамда ёзма хулоса берилади. Шундан сўнг туман ҳокимининг фармойиши чиқарилиб, дарахт кесишга рухсат олиш мумкин. Қонун-қоидани билмаслик, жавобгарликдан озод қилмайди.

Салоҳиддин ЭРГАШЕВ,

туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи.

  • 20-03-2019
  • | 68 |
  • № 10